Ўзбекистонда август ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,4 % га ошди

TASHKENT. Kazinform — Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг август ойида Ўзбекистон истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,4 % га ошган.

нарх-наво
Фото: Миллий статистика қўмитаси

Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 108,8 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2024 йил август — 110,5 %) нисбатан 1,7 фоиз бандга пасайди.

Август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,6 % га, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,3 % га қимматлашгани кузатилган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан тарвуз (28,7 %), қовун (11,7 %), карам (11,4 %), картошка (3,5 %), товуқ тухумлари (2,7 %), парранда гўшти (1,9 %), пахта мойи (1,6 %), қўй гўшти (1,4 %) ҳамда мол гўшти (0,2 %) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.

Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан бензин (3,1 %) ва цемент (0,8 %) ҳамда хизматлар нархи ва тарифларида ҳуқуқий турдаги хизматлар (9,9 %), маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш (3,0 %) ва эркаклар ва ўғил болалар учун сартарошхона хизматлари (1,0 %) нархлари қимматлашгани инфляцияга ошишига асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 170 мингга яқин нархлар қайд этилган. 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 90 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ананас импорти қарийб 2 баробарга ошди.

Сўнгги хабарлар