Ўзбекистонда аэротакси хизмати жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда ЎР Транспорт вазирлиги хабар берди.

Ўзбекистонда аэротакси хизмати жорий этилиши мумкин
Фото: очиқ манбалардан олинган

Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда БААнинг JETEX компанияси таъсисчиси Адел Мардини ўртасида учрашув ўтказилди. Унда Транспорт вазирлиги ва JETEX компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Таъкидланишича, ушбу меморандум Ўзбекистон фуқаро авиацияси соҳасида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратади. Хусусан, JETEX компанияси “Тошкент—Шарқий” аэропортида FBO шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширади.

Ушбу лойиҳа доирасида кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматлари йўлга қўйилади. Аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилади. Бу эса ўз навбатида туризм соҳасининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда VIP мижозлар учун қулайлик яратади.

“Йўловчиларга юқори даражадаги хизмат кўрсатишни таъминлайдиган мазкур лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши пойтахтимиз нуфузи ва жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Қолаверса, мамлакатимизда бизнес авиация соҳасида 200 дан кўпроқ юқори малакали иш ўринлари яратилишига эришилади. Бир сўз билан айтганда, JETEX компаниясининг илғор тажрибасига таянган ҳолда мамлакатимизда бизнес авиациясини ишончли ва барқарор ривожланишини таъминлашга эришилди”, - дейилади хабарда.

FBO (Fixed Base Operator) – аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс сервис хизматлари кўрсатувчи, хусусан, ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш, тўхташ жойи, ангарда сақлаш, техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага бериш, чартерларни сотиш, такси ва яна бошқа кўплаб хизмат турларини кўрсатувчи ташкилотдир.

Сўнгги хабарлар