Ўзбекистон суғориш мавсуми тугагунига қадар Қозоғистонга яна 500 миллион куб метр сув беради
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги Ўзбекистон суғориш мавсуми тугагунига қадар Қозоғистонга яна 500 миллион куб метр сув беришини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат президентларининг учрашувида ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов ва Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев иштирок этган.
1 апрелдан буён Ўзбекистон томони Сирдарё орқали Қозоғистонга 4 миллиард куб метрдан ортиқ сув берди. Бунгача Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Ўзбекистон билан олти ой ичида Сирдарё орқали Қозоғистонга 3,7 миллиард куб метр сув бериш бўйича келишувга эришган эди. Натижада Ўзбекистон томони 4 ой ичида келишилган миқдорда сув берган.
Бу ишларнинг барчаси мамлакат жанубий вилоятлари фермерларининг суғориш сувига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Шардара сув омборида 1,5 миллиард куб метр сув мавжуд бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 500 миллион куб метрга кўпдир. Шардара сув омборига жами 4 миллиард куб метр сув келиб тушди.
Шардара сув омборидан Сирдарёнинг қуйи оқимига 4,5 миллиард куб метр сув оқизиллди. Бу ўтган йилга нисбатан 1 миллиард куб метрга кўпдир. Қизилқум каналига 850 миллион куб метр, Шимолий Орол денгизига 590 миллион куб метр сув оқизилди.
“Қўшниларимиз билан Тоқтоғул ва Баҳри-Тожиқ сув омборларининг иш тартиби бўйича дастлабки келишувга эришилгани натижасида “Дўстлик” давлатлараро каналининг Қозоғистон қисмига сув мунтазам равишда оқиб келаётир. Энди бу канал орқали мамлакатга секундига 90 куб метр сув келади. Бу Туркистон вилояти фермерларини суғориш суви билан тўлиқ таъминлаш учун етарли”, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги расмий вакили Мўлдир Абдуалиева.