Мирзиёев 2026 йилни «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилишни таклиф қилди
TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва мамлакат халқига Мурожаатномаси давом этмоқда, деб хабар беради UzA.
– Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак.
Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби.
Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионли эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.
Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади, – деди Ўзбекистон Президенти.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Президенти 2026 йилни мамлакатда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили», деб эълон қилишни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилган эди.