Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди

TASHKENT. Kazinform - Марказий банк бошқаруви 2024 йил 25 июлдаги йиғилишида асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Ўзбекистон Марказий банки
Фото: UzA

Инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилди. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Базавий инфляциянинг пасаювчи динамикаси давом этиб, июнда 5,9 фоизга тенг бўлди ва йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайди. Бу энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлганлиги билан изоҳланиб, инфляциянинг келгусида ҳам пасаювчи трендининг давом этишига ишора бермоқда.

Жорий йилдаги базавий инфляция тенденцияси ва инфляцион омиллар таъсирининг кутилганидан пастроқ бўлиши ҳисобига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди. Йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши ва 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда.

2024 йилнинг II чорагида иқтисодий ўсиш тезлашишда давом этиб, I ярим йилликда иқтисодиёт реал ҳисобда 6,4 фоизга ўсди. Саноат, қурилиш ва хизматлар соҳаларидаги юқори фаоллик иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватламоқда.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 12 сентябрга белгиланган.

Сўнгги хабарлар