Ўзбекистон Қозоғистоннинг давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимига қизиқиш билдирди

ASTANА. Kazinform - Бугун Давлат хизмати ишлари агентлиги раиси Дархан Жазиқбай Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов билан учрашди.

Ўзбекистон Қозоғистоннинг давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимига қизиқиш билдирди
Фото: Kazinform

Учрашувда давлат хизматларини ривожлантириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги муҳокама қилиниб, Ўзбекистоннинг ушбу соҳага масъул ваколатли давлат органини ташкил этиш ва қонун ҳужжатларини қабул қилиш жараёнида Қозоғистоннинг давлат хизмати соҳасидаги тажрибаси яқиндан ўрганилгани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вакиллари Давлат бошқаруви академиясида давлат хизматидаги ассесмент бўйича ўқитилди.

Дархан Жазиқбай ўзбекистонлик ҳамкасбларини Давлат раҳбарининг “Инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун” тамойили доирасида амалга оширилаётган давлат хизматлари тизимини модернизация қилиш чора-тадбирлари билан таништирди. У давлат аппаратида хизмат кўрсатиш ва инсонга йўналтирилганлик тамойилларини илгари суриш, давлат хизматининг гибрид моделини яратиш, ходимларнинг касбий малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон томони 2024-2029-йилларда Қозоғистонда давлат хизматини ривожлантириш концепцияси, давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими, давлат хизматчиларининг мослашувчан иш тартибига қизиқиш билдирди ва ўзаро тажриба алмашишга тайёрлигини маълум қилди.

“Давлат хизмати ишлари агентлиги раиси давлат хизматига кадрларни танлашни рақамли форматда амалга оширувчи «eQyzmet» тизимининг имкониятлари, давлат хизматчиларининг малакасини доимий равишда ошириш чора-тадбирлари ҳақида гапирди. Учрашув якунида томонлар келгусида яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини билдирдилар”, — дейилади агентлик матбуот хизмати хабарида.

Сўнгги хабарлар