Ўзбекистон компанияси Қозоғистонда 5 та йирик ишлаб чиқариш қувватини очишга қизиқиш билдирмоқда
Вилоят раҳбари Нуралхан Кўшеров “Global Textile Group” компанияси раҳбари Музаффар Разақов билан учрашиб, пахта кластерини ривожлантиришга қаратилган лойиҳани амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди, деб ёзади inbusiness.kz.

Айни пайтда Ўзбекистон компанияси томонидан Мақтаарал туманида тўқимачилик фабрикаси ва логистика маркази очиш ишлари бошланган.
Бунинг натижасида 5 та йирик корхона ишга туширилиб, 2 мингдан ортиқ доимий иш ўрни таъминланади. Лойиҳа қиймати 21 миллиард тенге. Ушбу лойиҳа доирасида логистика маркази, пахтани қайта ишлаш заводи, тўқимачилик фабрикаси, бўяш ва йигирув цехлари, тикувчилик корхоналари ишга туширилади. Пахтани қайта ишлаш заводи 13,8 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин.
"Тайёр маҳсулот ички бозорни қоплаш ва Европа мамлакатларига экспорт қилиш учун мўлжалланган. Ишлаб чиқаришда Швейцария технологиясидан фойдаланилади", - дейилади расмий хабарда.
Корхона томонидан 2024 йилда хориждан “Наманган-77” ғўза нави келтирилиб, 3,2 минг гектар майдонга экилган. Кейин мўл ҳосил йиғилди. Пахта ҳосилини қабул қилиш учун йиллик қуввати 10 минг тонна пахта қабул қилиш пункти қурилиши якунланди. Амалдаги режага кўра, тўқимачлик фабрикаси 2027 йилда ишга туширилади.
Таъкидлаш жоизки, “Global textile” компанияси пахтадан тортиб, ип-калава, газлама ва кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган барча соҳаларни қамраб олган йирик ишлаб чиқариш кластеридир. Бугунги кунда корхонанинг Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги 15 га яқин корхонада жами 5 минг нафардан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда.