Ўзбекистон Халқаро космос шартномасига қўшилди
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ой ва бошқа самовий жисмлар ҳамда умуман космик фазони ўрганиш ва ундан фойдаланиш бўйича давлатлар фаолияти тамойиллари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар берди Kazinform агентлигининг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.
Бу ҳужжат 1966 йил 19 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан қабул қилинган ва Лондонда имзоланган. Ҳозирга қадар унга 114 давлат қўшилган, Ўзбекистон эса 115-иштирокчи давлат бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур қонунни жорий йилнинг июль ойида қабул қилган эди, Сенат эса август ойида маъқуллаган.
Аввалроқ “Ўзбеккосмос” агентлиги бош директори Шуҳрат Қодиров келишувнинг ратификация қилиниши Ўзбекистон учун халқаро космик лойиҳалар ва тадқиқотларда иштирок этиш ҳамда бошқа тажриба алмашиш имкониятини очаётганини таъкидлаган эди.
“Жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашуви ва ахборотлашуви жараёнида космик хизмат муҳим ўрин тутади. Дунёнинг барча етакчи ва кўплаб ривожланаётган мамлакатлари коинотни тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Шу билан бирга, космик салоҳият иқтисодий, мудофаа, илмий, ижтимоий-маданий ва халқаро манфаатларни илгари суриш учун зарурдир”, – дейилади Сенат тушунтиришида.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ушбу шартномага 1997 йил 15 майда қўшилган эди. Ўшандан буён мамлакат мутахассислари турли тадқиқотларда иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашиб келмоқда.