Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 35 400 кишидан ошди

ASTANA. Kazinform – Туркия жанубида содир бўлган даҳшатли зилзила қурбонлари сони 35 418 нафарга етди. Бу ҳақда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған республика Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши якунлари бўйича ўз мурожаатида маълум қилди, дея хабар бермоқда Kazinform Анадолу агентлигига таяниб.
None

Йиғилиш Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Анқарадаги бош қароргоҳида бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, жабрланганларнинг 13 минг 208 нафари шифохоналарда даволанмоқда.

Туркия раҳбари, шунингдек, дунёнинг турли бурчакларидан келган мутахассислар Туркиядаги зилзилани «ўзгача табиат ҳодисаси» деб атаганини эслатиб ўтди.

Президент Эрдоғаннинг маълум қилишича, табиий офат ҳудудида қидирув-қутқарув ва бошқа ишларга 250 мингга яқин давлат хизматчиси жалб қилинган.

Унинг қайд этишича, зилзиладан вайрон бўлган ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари омон қолганлар вайроналар остидан олиб чиқилгунга қадар давом этади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, келаси ой Туркия ҳукумати зилзила қурбонлари учун 30 мингта уй қуришни бошлайди. Ҳозирда 1,6 миллион киши бошпанага муҳтож.

«Табий офат содир бўлган ҳудудда 175 минг чодир ва 5 минг 400 контейнер типидаги уйлар ўрнатилди», - деди Эрдоған.

Унинг сўзларига кўра, Туркия ҳукумати зилзиладан зарар кўрган барча ҳудудларда йил давомида одамлар учун сифатли ва хавфсиз уй-жой қурилишини якунлашни режалаштирмоқда.

Шунингдек, Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, табиий офат ҳудудида 28 минг турк аскари хизмат қилмоқда.

«15 феврал куни Туркия вақти билан соат 20:00да «Туркия – бир юрак» шиори остида Туркия, Озарбайжон ва Шимолий Кипрдаги Турк Республикасида зилзила қурбонларига ёрдам акцияси бўлиб ўтади», - дея қўшимча қилди Режеп Эрдоған.

Фото: Анадолу Агентлиги


Сўнгги хабарлар