Трамп тарифлар туфайли 500 миллион доллар йўқотди

ASTANA. Kazinform – Трамп тарифлари унинг шахсий даромадига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди, деб ёзади DW.

трамп
Фото: Jeenah Moon / XinHua

Forbes журналистлари ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан киритилган импорт божлари туфайли унинг шахсий бойлиги 500 миллион долларга қисқарган. Нашрнинг ёзишича, тариф кўтарилган куни, 2 апрелда Трампнинг бойлиги 4,7 миллиард долларга баҳоланган, бироқ орадан бир ҳафта ўтмай, 8 апрель куни унинг қиймати тахминан 4,2 миллиард долларга тушган.

АҚШ президенти Trump Media and Technology Group акциялари қийматининг пасайиши туфайли қарийб 170 миллион доллар йўқотди. Қолган йўқотишлар тижорат кўчмас мулки (90 миллион доллар), гольф бизнеси (70 миллион доллар), меҳмонхона ва курорт бизнеси (65 миллион доллар), криптовалюта ва Трамп бизнеси ёки сармояси бўлган бошқа соҳалар қийматининг пасайиши билан боғлиқ.

Илон Маск бир ҳафта ичида ўнлаб миллиард доллар йўқотди

Дональд Трампнинг иттифоқчиси, миллиардер Илон Маск даромадига ҳам республикачиларнинг иқтисодий сиёсати таъсир қилди: 2 апрелдан бери Space X бош директорининг бойлиги 35 миллиард долларга камайди, 8 апрелда эса 298 миллиард долларга баҳоланди (Bloomberg агентлигининг хабар беришича, 9 апрель ҳолатига кўра у аллақачон 290 миллиард долларни ташкил қилган).

The Washington Post нашрининг ёзишича, Маск Трампдан тарифларни жорий қилмасликни сўраган, бироқ унинг уринишлари самарасиз бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Bloomberg маълумотларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп янги божхона тўловлари жорий этилишини эълон қилганидан сўнг, дунёнинг 500 нафар энг бой одамининг умумий бойлиги бир кун ичида 208 миллиард долларга камайди.

Сўнгги хабарлар