Тошкентда “TransLogistica Uzbekistan 2024” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Тошкентда “TransLogistica Uzbekistan 2024” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Фото: ЎзА

TASHKENT. Kazinform - Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Транспорт ва логистика – TransLogistica Uzbekistan 2024” 20-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори “ICAE urasia Group” томонидан ташкил этилган тадбирда 14 мамлакатдан 70 та компания иштирок этяпти.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда транспорт соҳаси иқтисодиётнинг асосий тармоғи ҳисобланади. Йўловчи ва юк ташиш хизматлари, хомашё, энергия ресурслари ва тайёр маҳсулотларни етказиб бериш, аҳоли ва туристик оқимлар ривожи айнан ушбу йўналишга боғлиқдир.

Бу йилги кўргазмада Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Корея Республикаси, Латвия, Литва, Россия, Туркия, Франция каби давлатлардаги темир йўл, автомобиль, контейнер, денгиз ва ҳаво транспорти, порт мажмуалари, терминаллар, божхона брокерлари ва логистика провайдерлари, IT-ечимлар ишлаб чиқарувчилари ўз имкониятларини намойиш этяпти.

Айтиш жоизки, транспорт ва логистика соҳаларининг ривожланиши замонавий технологиялардан фойдаланиш, инфратузилманинг такомиллашуви, давлат қўллаб-қувватлови ва халқаро ҳамкорликлар даражасига боғлиқ. Шу билан бирга, бозор талабларини таҳлил қилиш ва янги ечимларни татбиқ этиш ҳам соҳанинг узлуксиз ривожини таъминлайди. Инновация ва рақамли ечимлар эса операцияларни тез ва самарали бажаришга ёрдам беради.

Уч кун давом этадиган тадбир ушбу соҳалардаги энг янги ютуқлар ва инновацион ечимларни намойиш этиш, ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сўнгги хабарлар
telegram