Тошкентда Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналари бошланди

ASTANA. Kazinform – Жорий йилнинг 18-19 июн кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналари ўтказилади, дея хабар беради Kazinform Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги хабарига таяниб.
None
Фото: ЎР Маданият ва туризм вазирлиги

Юбилей тантаналарида қатнашиш учун туркий тилли давлатлардан 150 нафар маданият ва санъат ходими ҳамда нуфузли меҳмонлар ташриф буюрди.

Юбилей концерт дастурларида 6 та давлат – Туркия Республикаси, Венгрия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Туркманистондан жами 110 нафар таниқли санъаткор ва ижрочилар қатнашади.

18 июнда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон амалий санъат музейида ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллик юбилей тантаналарига бағишланган «Турк дунёси» номли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси, туркий дунё халқларининг миллий ошхоналарига оид гастрономик намойиш ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири О.Назарбеков, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Бош котиби С.Раев, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби К.Омуралиев, Озарбайжон Республикаси маданият вазири А.Керимли, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири ўринбосари Н.Дауешов, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири ўринбосари А.Алпарслан, Қирғиз Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари К.Иманалиев, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси бош котиби М.Сурейя, «Турк ҳаво йўллари» бошқаруви раиси О.Бирдал, ТРТ Аваз директори С.Сағиркаялар иштирок этди.

Байрам дастури доирасида 19-июнда ТУРКСОЙга аъзо мамлакатларнинг масъулларининг ўзаро мулоқотлари бўлиб ўтади.

Куннинг иккинчи ярмида, соат 19.00 да «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида ТУРКСОЙга аъзо давлатлар санъаткорлари иштирокида ташкил этиладиган юбилей концерт дастури ўтказилади.

Маълумот ўрнида: ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналари 2023 йилнинг 7-9 июнь кунлари Алмати, 12-13 июнь кунлари Бишкек шаҳарларида ўтказилган бўлиб, 24-25 июнь кунлари Ашхобод шаҳрида ўтказилиши ҳамда жорий йилнинг октябрь ойида Озарбайжон ва Туркия Республикаларида кенг нишонланиши белгиланган.


Сўнгги хабарлар