11:02, 26 Июль 2022 | GMT +5
Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтмоқда
TASHKENT. Kazinform – Тошкент шаҳрида «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусида юқори даражадаги халқаро конференция ўтмоқда, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.
Конференцияда Европа, Америка қитъалари, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақалари, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, етакчи таҳлилий марказлар ҳамда Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этмоқда.
Кун тартибидан Афғонистоннинг барқарор тинчлик ва хавфсизликка эришишини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилади.
Ушбу давлатда гуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, урушдан кейинги миллий иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаати йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнига жалб этиш асосий мақсад этиб белгиланган.