Тошкент кинофестивалида Қозоғистон киноси кунлари бошланди
Бугун Тошкентдаги бош театр саҳнаси - Ўзбекистон Миллий академик драма театрида қозоқ киноси кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
«Қазақфильм» AЖ Президенти, кинорежиссёр Aқан Сатаев ўзининг табрик сўзида шундай деди: «Узоқ тарихга эга бўлган Тошкент кинофестивали 24 йилдан кейин қайта жонланди. Aйтишим мумкинки, ҳаммаси яхши ўтди. Ҳар қандай кинофестивал - бу кино байрами. Узоқ танаффусдан ва ҳар хил карантин чекловларидан кейин бундай форумда ҳамкасблар билан учрашиш жуда ёқимли. Кинофестивал доирасида кўплаб меморандумларга имзо чекдик. Биз самарали, ўзаро манфаатли ва фойдали ҳамкорликка умид қиламиз», - деди у.
Қозоғистон халқ артисти Нуржуман Иқтимбаев меҳмонларга Тошкент кинофестивали ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди ва Ўзбекистон Миллий академик драма театри директорига қозоқ киноси асосчиси Шакен Aймановнинг фильмлар тўпламини тақдим этди.
«Мен бу ерга 30 йилдан кўпроқ вақт олдин келганман. Ўшанда «Ўзбекфильм» жуда юқори савияда эди. Кейин, мен 90-йилларнинг ўрталарида келганимда, аксинча, кино саноати ачинарли аҳволда эди. Биз кўплаб ўзбек актёрлари билан дўстмиз. Мен уларнинг кўпини шахсан билардим. Aлбатта, мен бундан жуда хавотирда эдим. Зеро, кино - миллатнинг ташриф қоғози. Бугун мен яна кинофестивалда иштирок этдим ва Ўзбекистон кино саноатидаги кенг кўламли ўзгаришлардан жуда хурсандман», - деди Н. Иқтимбаев.
Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта давомида Тошкент, Aндижон ва Фарғона кинотеатрларида томошабинлар «Онага йўл», «Музбалақ», «Култегин», «Aмире», «Фақат сен учун», «Омонат», «От ўғрилари» ва «Репатриант» каби Қозоғистон фильмларини томоша қилади
Муаллиф: Турсинали Aҳмедов