Толибон афғон аёлларига БМТ муассасаларида ишлашни тақиқлади
«Толибон» радикал исломий ҳаракати афғон аёлларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотида (БМТ) ишлашини тақиқлади.
«Турли каналлар бизга бу тақиқ бутун мамлакат ҳудудига тааллуқли эканлигини маълум қилишди», - деди БМТ Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик.
Дюжаррик бу тақиқни «бемаъни ва асоссиз» деб атади ва бу гуманитар ташкилотларнинг муҳтожларга ёрдам бериш қобилиятига путур етказиши мумкинлигини айтди.
Аввалроқ афғон аёллари меҳнатига қўйилган тақиқ фақат шарқий Нангарҳор провинциясига тааллуқли экани хабар қилинганди.
БМТ вакиллари вазиятни баҳолаш учун чоршанба куни Кобулда расмийлар билан учрашиш ниятида.
2022 йил декабрь ойида Толибон аёлларга нодавлат ташкилотларда ишлашни тақиқлади. Катта халқаро норозиликдан сўнг, соғлиқни сақлаш соҳасида тақиқ енгиллаштирилди.
Бироқ бу чеклов БМТ агентликларига нисбатан қўлланилмаган.
2021 йил август ойида ҳокимият тепасига келган Толибон Афғонистонда аёлларга нисбатан бир қатор камситувчи чекловлар қўйган.
Бундан ташқари, мусиқа, ижтимоий тармоқлар ва видео ўйинлар ҳам қонундан ташқари деб топилди.
Фото: Ebrahim Noroozi/AP/dpa