Тоқаев МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари билан учрашди

ASTANA. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши аъзолари билан учрашди, дея хабар бермоқда Kazinform Ақордага таяниб.
None

Учрашувда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов, Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов, Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдула Арипов, Россия Ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров, Арманистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Хўжамурат Гелдимуродов ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Президент МДҲ давлатлари делегациялари раҳбарларига ўз ҳурматини билдириб, иқтисодий шерикликни кенгайтириш учун шарт-шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.

«Яқинда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммити бўлиб ўтди. Биз ўзаро ҳамкорликни янада ошириш, иқтисодиёт салоҳиятини мустаҳкамлашга умумий интилишимизни билдирдик»

, — деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев жаҳон иқтисодиётида тобора кучайиб бораётган геосиёсий зиддиятлар ва беқарорликка эътибор қаратган ҳолда бир қатор самарали чоралар кўришга чақирди.

«Шу билан бирга, ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Маълумки, Қозоғистоннинг бу йилги раислиги доирасида МДҲни 2030 йилгача иқтисодий ривожлантириш стратегияси вазифаларини фаол амалга ошириш вазифаси давом эттирилди. Халқаро бозордаги инқирозли вазиятга қарамай, иқтисодиётларимиз босқичма-босқич тикланмоқда»

, – деди Президент.

Давлат раҳбари тўсиқларни бартараф этиш, протекционизмга йўл қўймаслик, қулай тариф шароитларини яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга чақирди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқида транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, Евроосиё бозорлари учун янги имкониятлар очаётган Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг истиқболи борлигини айтди.

«Бу масаланинг долзарблиги ортиб бормоқда. МДҲга аъзо давлатлар мавжуд салоҳиятни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилади. Хусусан, «Шимол-Жануб» йўналиши бўйича Эрон, Форс кўрфази ва Ҳиндистон йўналишида савдони ривожлантириш муҳим»

, - деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқи якунида Астана шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар олдида турган вазифаларни ҳал этишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Сўнгги хабарлар