Тоқаев Alem.ai базасида «Марказий Осиё — Корея» илғор технологиялар марказини ташкил этиш ташббусини илгари сурди

ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбарининг айтишича, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта салоҳият мавжуд.

Глава государства выступил на бизнес-саммите «Центральная Азия – Республика Корея»
Фото: Акорда

Қозоғистон ушбу йўналишни муваффақиятли ривожлантириш учун барча имкониятларни ишга солади.

“Мамлакатимизда соҳавий вазирлик ташкил этилди, Alem.ai халқаро маркази очилди, иккита суперкомпьютер ишга туширилди. Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йилининг эълон қилиниши ушбу соҳанинг ривожига янги туртки берди. Қатор илғор ташаббусларни амалга оширмоқдамиз. Улар қаторида қуввати 1 гигаватт бўлган «Маълумотларни қайта ишлаш марказлари водийси»ни ташкил этиш лойиҳаси ҳам бор. Кадрлар ва илмий салоҳиятимиз ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Мамлакатимиздаги биринчи ихтисослаштирилган университет — Qazaq AI Research University мутахассислар тайёрлашни бошлади. Технологик шериклигимизни янги ва сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш учун Астанадаги Alem.ai базасида «Марказий Осиё — Корея» илғор технологиялар марказини ташкил этишни таклиф қиламиз”, — деди Президент.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам эътибордан четда қолмади.

Давлат раҳбари ўтган йили Қозоғистон рекорд даражада, яъни қарийб 27 миллион тонна дон ҳосили йиғиб олганини маълум қилди.

“Агросаноат маҳсулотларимиз дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатига етказиб берилади. Экспорт ҳажми 7 миллиард долларга етди. Қозоғистон ер ресурсларига бой. Корея эса қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва унга юқори технологияларни жорий этиш борасида етакчи ўринда туради. Рақобатбардош устунликларимизни бирлаштириб, озиқ-овқат саноатида қўшма кластер ташкил этишни таклиф қиламан. Ушбу кластер фаолияти ишлаб чиқариш, чуқур қайта ишлаш ва маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилишга йўналтирилади. Қозоғистон корейс компанияларига нафақат катта бозорни таклиф қилади, балки ишлаб чиқариш корхоналарини очиш, технологияларни жорий этиш ва Евроосиё бозорига чиқиш учун кенг имкониятлар яратади. Бу корейс бизнесининг имкониятларини янада кенгайтиради. Шунингдек, бутун Марказий Осиёга аниқ мультипликатив таъсир кўрсатади”, — деди Давлат раҳбари.

Президентнинг фикрича, минтақанинг иқтисодий муваффақиятини мамлакатларнинг барқарор ривожланишидан айри ҳолда кўриб бўлмайди.

“Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш минтақа иқтисодий салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, халқаро бизнес учун йўл очиш ва йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга янги туртки беради. Технологик ва иқтисодий жиҳатдан дунёда етакчи ҳисобланган Корея Республикаси билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ушбу мақсадларга тезроқ эришишга шубҳасиз хизмат қилади”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Тадбир давомида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.