Tesla янги заводлар учун жойларни ўрганишга Ҳиндистонга ходимларини юборади
Tesla электромобиллар ишлаб чиқарадиган завод учун жой излашга апрель ойида Ҳиндистонга гуруҳ юборади, деб хабар беради Kazinform агентлиги Financial Times нашрига таяниб.

Компания раҳбарияти Нью-Деҳли мамлакатда уч йил ичида уларни ишлаб чиқариш мажбуриятини олган компаниялар учун импорт қилинадиган қиммат электр транспорт воситаларига тарифларни пасайтирганидан кейин шундай қарорга келган. Тарифларни пасайтириш эса Tesla инвестиция учун олд шарт сифатида излаётган имтиёз эди.
Лойиҳанинг қиймати 2-3 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Tesla бош директори Илон Маск узоқ вақтдан бери Ҳиндистон бозорига киришга интилиб келган, бироқ аввалроқ маҳаллий ҳукумат томонидан мамлакатда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш талабига дуч келган.
Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, Teslaнинг Ҳиндистон бозорига кириши электромобиллар секторига сармоя киритишда катта туртки бўлиши ва Ҳиндистондаги автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчиларига фойда келтириши мумкин.