Таиланд сайёҳларнинг мамлакатда визасиз бўлиш муддатини икки баравар қисқартиради

ASTANA. Kazinform — Таиланд жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида сайёҳларнинг мамлакатда визасиз бўлиш муддатини 60 кундан 30 кунгача қисқартиради, деб хабар беради The Nation.

ы
Фото: ТАСС

Бу чора 2024 йил июлидан бошлаб 60 кунгача визасиз режим жорий этилган 93 мамлакатдан келган сайёҳларга тааллуқли бўлади.

Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги хорижий сайёҳларнинг визасиз бўлиш муддатини қисқартириш режасини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этмоқчи. Ташаббус қачон кўриб чиқилиши ҳозирча эълон қилинмаган.

Бу қарор хорижий фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳақидаги хабарлар, шунингдек айрим шахсларнинг мамлакатда ноқонуний қолиш ҳолатлари сабабли қабул қилинди.

Шу муносабат билан Таиланд ҳукумати ташриф буюрувчиларнинг сафар мақсади кўрсатилган мақсадга мос келишини текшириш учун нафақат визасиз режим, балки бошқа турдаги визалар бўйича ҳам назоратни кучайтиришни режалаштирмоқда.

Ҳукумат фикрича, бўлиш муддатининг қисқартирилиши ўзини сайёҳ сифатида кўрсатиб, мамлакатга бошқа мақсадларда келаётган шахсларнинг кириб келиш хавфини камайтиради.

Тадқиқотга кўра, хорижий сайёҳларнинг Таиландда ўртача бўлиш муддати қисқа ва узоқ муддатли сафарлар учун тўққиз кундан бироз ошади.

Таиланд туризм ва спорт вазири Сурасак Пханчароенворакул таъкидлашича, мамлакатга стажировка ёки тиббий даволаниш каби бошқа мақсадларда келаётган хорижликлар тегишли визаларни расмийлаштириши мумкин.

“Биз 60 кун жуда узоқ бўлиши мумкин деб ҳисоблаймиз ва ҳақиқий сайёҳ бўлмаган айрим одамлар визасиз режимдан ноқонуний мақсадларда фойдаланмоқда. Биз назоратни кучайтирмоқчимиз”, — деди у.

Ҳукумат визасиз бўлиш муддати қисқариши сайёҳлар оқимига салбий таъсир кўрсатмайди деб умид қилмоқда.

2026 йил 1 январдан 10 майгача Таиландга 12,4 млн хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,43 фоизга кам.

Туризм Таиланд иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиб қолмоқда. 2019 йилда хориждан келган сайёҳлар сони рекорд даражага етган, ўшанда мамлакатга тахминан 40 млн одам келган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиландда хантавирус сабабли Жанубий Америкадан келганлар текширилаётгани ҳақида ёзгандик.