Сурияда махсус операция пайтида «Ислом давлати» етакчиси ал-Қурайший ўлдирилди
«Кеча менинг кўрсатмам билан АҚШ ҳарбийлари Сурия шимоли-ғарбида муваффақиятли аксилтеррор операциясини ўтказди [...] биз жанг майдонида ИШИД етакчиси Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийни йўқ қилдик», - дея маълум қилди Жо Байден.
Ал-Ҳошимий ал-Қурайший 2019 йилнинг кузида, Абубакр ал-Бағдодий америкаликлар томонидан ўлдирилганидан сўнг, «Ислом давлати» халифаси деб эълон қилинганди.
Умумий ҳисобда Суриянинг Идлиб вилоятининг Туркия билан чегарадош Атме шаҳрига уюштирилган рейд давомида дастлабки маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган.
Оқ дубулғалилар қутқарувчилари Атме чеккасидаги уйга қилинган рейдда ҳалок бўлган 13 киши орасида олти нафар бола ва тўрт аёл борлигини маълум қилди.
Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари мониторинги марказига кўра, тўрт бола ва уч аёл ҳалок бўлган.
Франc-Пресс агентлиги америкалик мулозимга таяниб хабар беришича, ал-Қурайший жанг пайтида ўзини портлатиб юборган, портлаш натижасида хотинлари ва болалари ҳам ҳалок бўлган.
Сурия мониторинг марказининг қайд этишича, бу рейд АҚШ ҳарбийларининг Сурия шимоли-ғарбида «Ислом давлати» террористик гуруҳининг аввалги етакчиси Абубакр ал-Бағдодий ўлдирилган 2019 йил октябр ойидан буён амалга оширган энг жиддий операциясидир.