Спорт давлатлар ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлайди ва яқинлаштиради - Тоқаев

ASTANА. Кazinform – Спорт чегараларни ажратмайди, у давлатлар ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлайди ва яқинлаштиради. Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев кеча Астанада очилган енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги Х Осиё чемпионати иштирокчиларига йўллаган мактубида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.
None

Давлат раҳбарининг табрик мактубини Бош вазир Алихан Смаилов ўқиб эшиттирди.

«Спорт чегара ажратмайди, у давлатлар ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлайди ва яқинлаштиради. Қозоғистон спорт соҳасига катта аҳамият беради. Мамлакатимизда фуқароларнинг профессионал ва оммавий спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Бу соҳа инфратузилмасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. 6 мингдан ортиқ кишини сиғдира оладиган енгил атлетика мажмуаси бунинг ёрқин далилидир.

Қозоғистонлик спортчилар кўплаб қизиқарли мусобақаларда ғалаба қозониб, юрт шарафини юксалтирмоқда. Улар навқирон авлодга ўрнак бўлиб, ёшларни ёрқин ғалабалар сари етакламоқда. Ўйлайманки, Осиё чемпионатининг Астана босқичи мамлакатимизда енгил атлетика ривожига янги суръат бағишлайди. Бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаймиз. Барчангизга сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилайман!», – дейилади Давлат раҳбарининг табрик сўзида.

Ўз навбатида Алихан Смаилов барча спортчиларга муваффақиятли чиқиш, Қозоғистон терма жамоасига эса шоҳсупага кўтарилишларини тилади.

Бош вазир Осиё енгил атлетика ассоциацияси президенти Даҳлан Ал-Ҳамадга мусобақани ташкил этиш ва ўтказишда кўрсатган ёрдами учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионати МДҲ давлатлари ҳудудида илк бор ўтказилмоқда.

«Қозоғистон» спорт мажмуасида бошланган мусобақада 31 давлатдан 500 нафардан ортиқ спортчи иштирок этмоқда. Улар югуриш, эстафета, узунликка сакраш, баландликка сакраш, уч ҳатлаб сакраш, таяниб сакраш, ядро улоқтириш ва кўпкураш каби мусобақаларда жами 26 та медаль учун кураш олиб боради.

Қозоғистон терма жамоасида 69 нафар спортчи бор.

Халқаро мусобақа 10-12 феврал кунлари бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур турнирнинг биринчи йўналишларида Қозоғистон терма жамоасига иккита медаль тақдим этилди.


Сўнгги хабарлар