Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 2021 йилдан буён Қозоғистонга тиббий сайёҳлар оқими 5 баравар ошди
ASTANA. Kazinform – 2021 йилдан бери хорижлик беморлар сони 5 баробар ошди. Бу ҳақда ҚР Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Альназарова “Қозоғистонда соғлиқни сақлаш: дори воситалари ва инновацион технологиялар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда маълум қилди.

Қозоғистон тиббий туризмнинг янги марказига айланмоқда
Қозоғистонда тиббий туризм жадал ривожланмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Альназарованинг сўзларига кўра, бундан бир неча йил олдин Қозоғистон ўзининг тиббий туризм профилини эндигина ривожлантираётган бўлса, бугун ўз ўрнини минтақавий етакчи сифатида мустаҳкам ўрнатди.

"Бир неча йил олдин биз тиббий туризм салоҳияти ҳақида камтарона гапирган эдик. Бугун мен ишонч билан айта оламанки, бу салоҳият ҳақиқатга айланди. Қозоғистон жаҳон харитасида тиббий туризмнинг янги марказига айланиб боряпти", - деди вазир.
Охирги беш йил ичида тиббий сайёҳлар оқими 5 баробар ошди. Айниқса, Хитойдан — 24 баробар, Ҳиндистондан — 40 баробар, Туркиядан — 3 баробар ошгани диққатга сазовордир. Ташриф буюрувчи беморларнинг географияси 50 та давлатга кенгайди. Қозоғистон ҳамёнбоп нархларда юқори сифатли тиббий хизматларни таклиф этади: диагностика ва операциялар АҚШ ва Европадагидан 5-10 баравар арзон. Тўққизта маҳаллий клиника JCI аккредитациясини олди ва миллий аккредитация тизими халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради.

Қозоғистон юқори технологияли тиббиётни ривожлантириш бўйича Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади. Мамлакатда протон ва гамма-терапия, нейромодуляция ва робот ёрдамида жарроҳлик каби юқори технологияли тиббий ёрдамнинг 80 туридан фойдаланиш имконияти мавжуд. Қозоғистоннинг кардиожарроҳлик хизмати дунёнинг кучли ўттизталигидан жой олган. Қозоғистоннинг етакчи кардиожарроҳлик клиникаларидан бирининг ўзида 86 та юрак трансплантацияси, 17 та ўпка кўчириб ўтказиш ва 460 та чап қоринча ёрдамчи аппарати имплантацияси амалга оширилган.
"Биз дунёга керакли нарсани таклиф қиламиз. Юқори сифат, ҳамёнбоп нархлар ва илиқ кутиб олиш ҳозир Қозоғистон билан боғланган. Қозоғистон халқаро тавсияларни инобатга олган ҳолда далилларга асосланган клиник протоколлар ва соғлиқни сақлаш стандартларига доимий амал қиладиган давлатдир. Мамлакат тиббиёт ташкилотлари жарроҳликнинг турли йўналишларидаги юқори стандартлари ва илғор усуллари билан Қозоғистондан ташқарида ҳам кенг танилган”, -деди вазир.

Юқори технологиялар, трансплантология ва онкология
Сўнгги йилларда Қозоғистонда янги йўналишлар фаол ривожланмоқда: протон ва ҳужайрали иммунотерапия, ядровий тиббиёт технологиялари, диагностикада сунъий интеллектдан фойдаланиш. Қозоғистон - Марказий Осиёда ПЕТ диагностикасидан кенг фойдаланиш имкониятини тақдим этган ягона давлатдир: мамлакатда 14 та ПЭТ-сканерлари, 11 та ядро тиббиёти марказлари ва 10 та турдаги радиофармацевтика воситалари ишлаб чиқарилади.
Она ва бола саломатлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021 йилдан бери Давлат дастури доирасида 20 мингта ЭКО муолажалари амалга оширилди ва ҳар йили янги туғилган чақалоқларда туғма аномалияларни 2000 тагача жарроҳлик коррекцияси амалга оширилмоқда. Қозоғистонлик шифокорлар минтақада биринчи бўлиб ҳомила жарроҳлигини ўзлаштирди ва роботлаштирилган эндопростетик тизимларнинг жорий этилиши жарроҳлик жароҳатларини камайтириб, беморнинг тикланишини тезлаштирди.
Курорт салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик
Вазир Қозоғистон учун яна бир рақобат устунлиги сифатида мамлакатнинг ноёб табиий шифобахш ресурсларини тилга олди.
Ҳар йили санаторий-курортларга ярим миллионга яқин одам ташриф буюради. Келгуси йилларда табиий саломатлик кластерларини яратиш ва «Kazakhstan Health Travel» брендини илгари суриш орқали бу кўрсаткичнинг ошиши кутиляпти. Мураккаб жарроҳлик амалиётларидан сўнг беморлар табиий ресурсларни замонавий технологиялар билан уйғунлашган соғломлаштириш масканларида тўлиқ соғайиб кетишлари мумкин бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Туризм ва спорт вазирлиги ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномалар, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қозоғистон тиббий туризм ассоциацияси ўртасида меморандум имзолангани анжуманнинг муҳим натижаси бўлди. Мазкур ҳужжатлар давлат ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, тиббиёт маҳсулотлари экспортини ривожлантиришга қаратилган.

Франциянинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Сильван Гиоге француз компанияларининг Қозоғистон тиббий лойиҳаларида, хусусан, онкология ва телемедицина соҳаларида иштирок этишга қизиқиши юқори эканлигини таъкидлади.
"Биз Қозоғистон бозорида улкан салоҳиятни кўряпмиз ва янги шифохоналар қуриш ва клиникаларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашда иштирок этишга тайёрмиз. Мамлакат ҳукумати аҳолига энг юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишга содиқлигини намойиш этяпти", - деди у.
Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Алешка Симкич ҳам европалик беморлар Қозоғистон имкониятлари билан ҳали ҳам таниш эмаслигини, бироқ қизиқиш ортиб бораётганини айтди.
"Ўйлайманки, Қозоғистон катта салоҳиятга эга. Мен ўзим бу ерда тиббий хизматлардан фойдаланганман ва жуда мамнунман. Уларда яхши шифокорлар, юқори даражадаги тиббиёт ва арзон дори-дармон мавжуд. Европа бу имкониятлар ҳақида кўпроқ ўрганиши керак”, - деди у.
Эслатиб ўтамиз, “Қозоғистонда соғлиқни сақлаш: дори воситалари ва инновацион технологиялар. Тажриба ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция пойтахтимизда илк бор ўтказилмоқда. У тиббий туризм, фармацевтика саноати ва соғлиқни сақлашга инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган.
Тадбир Ҳиндистон ва БААдан, Германия ва Буюк Британиягача бўлган 13 та мамлакатдан 500 дан ортиқ иштирокчиларни - 30 та дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи тиббиёт экспертлари, агентлари ва харидорларини бирлаштирди.