Швеция шартли озод қилиш қоидаларини қаттиқлаштириши мумкин

ASTANА. Кazinform — Швеция ҳукумати шартли озод қилиш учун энг кам жазо муддатини умумий қамоқ муддатининг учдан икки қисмидан тўртдан уч қисмигача оширишни таклиф қилмоқда, деб хабар беради АЗЕРТАДЖ.

қамоқхона
Фото: freepik.com

Расмийлар ислоҳотни 2026 йил 1 январдан бошлашни режалаштирмоқда, гарчи аввалги ҳукумат комиссияси бундай ўзгаришлар маҳкумларнинг реабилитациясига хавф туғдириши ва ҳар йили 7 миллиард Швеция крони (тахминан 650 миллион доллар)гача қўшимча харажатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирса ҳам.

— Ушбу ташаббус жамиятнинг оғир жиноятларга муносабатини кучайтиришга қаратилган, — деди Адлия вазири Гуннар Стрёммер матбуот анжуманида.

Биринчи босқичда янги қоида фақат олти йил ва ундан ортиқ муддатга ҳукм қилинганларга нисбатан қўлланилади.

Шунингдек, зўравонлик жиноятлари учун камида тўрт йилга ёки уюшган жиноятчиликда иштирок этганлик учун икки йилга озодликдан маҳрум этилган шахсларни, агар жиноятни қайта содир этиш хавфи реал бўлса, муддатидан олдин озод қилиш имкониятини кечиктириш таклиф этилди.

2026 йил 1 мартдан бошлаб ҳукумат жамият учун доимий хавф туғдирувчи, масалан, кўплаб зўравонлик жиноятларини содир этган маҳкумлар учун муддатсиз хавфсизлик чораларини жорий этишни режалаштирмоқда. Тахминларга кўра, бундай чоралар ҳар йили тахминан 45 маҳкумга нисбатан қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, Швеция миллий хавфсизликка таҳдид соладиган одамларни фуқароликдан маҳрум қилмоқчи.

Сўнгги хабарлар