Шимолий Орол денгизига бир йилдан камроқ вақт ичида 1,2 миллиард куб метр сув юборилди

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Шимолий Орол денгизини сақлаб қолиш бўйича ишларни кучайтирди. Ўтган йилнинг октябрь ойидан бери Шимолий Орол денгизига 1,2 миллиард куб метр сув юборилгани маълум бўлди.

Шимолий Орол денгизига бир йилдан камроқ вақт ичида 1,2 миллиард куб метр сув юборилди
Фото: Gov.kz

ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги Шимолий Орол денгизини сақлаб қолиш бўйича комплекс ишларни амалга оширмоқда. Сўнгги йилларда кўрилган чоралар натижасида денгизга кирадиган сувнинг барқарор ҳажми таъминланди. Хусусан, 2025 йил 1 октябрдан ҳозирги кунгача Сирдарё орқали Шимолий Орол денгизига тахминан 1,2 миллиард куб метр сув юборилди.

Бу йилги вегетация даврида денгизга секундига 14 куб метр сув кирмоқда. Вегетация даври охирига бориб, сув оқими ҳажмини секундига 100-150 куб метргача босқичма-босқич ошириш режалаштирилган. Бугунги кунда Шимолий Орол денгизидаги сув ҳажми 23,4 миллиард куб метрни ташкил этади.

— Шимолий Орол денгизини сақлаб қолиш мақсадида вазирлик бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Булар қаторига Сирдарё ҳавзасида сувни ҳисобга олишни автоматлаштириш ва гидротехника иншоотларини реконструкция қилиш ишлари киради. Бундан ташқари, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Масалан, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси билан трансчегаравий сув иншоотларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида битим имзоланди. Бу ўн йиллик музокаралар жараёнининг натижасидир, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазирининг биринчи ўринбосари Нурлан Алдамжаров.

Эслатиб ўтамиз, Орол денгизида овланган қандай балиқ турлари энг кўп экспорт қилиниши ҳақида хабар берган эдик.