ШҲТ Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий нуфузини оширади — тожикистонлик эксперт
ASTANA. Kazinform — Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш ва ташкилот фаолиятида фаол иштирок этиш Марказий Осиё мамлакатларининг геосиёсий майдондаги аҳамиятини оширади. Бу уларга халқаро муносабатларда мустақил иштирочки сифатида ҳаракат қилиш имконини беради.
Бундай фикрни тожикистонлик сиёсатшунос, халқаро муносабатлар ва Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Шерали Ризоён Душанбе шаҳрида Kazinform агентлигининг мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
“ШҲТ маконида минтақа мамлакатлари «Марказий Осиё — ШҲТнинг ўзаги» деган дискурсни такомиллаштирмоқда. Буни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ташкилотни тузиш, шакллантириш ва ривожлантиришдаги фаол иштироки яққол кўрсатиб турибди. ШҲТнинг кенгайиши, «ШҲТ+» формати ташкил этилиши ва янги ҳамкорларнинг жалб этилиши ташкилотнинг ўз минтақасидаги нуфузли тузилмалардан бирига айланишига йўл очди”, — деди эксперт.
Сиёсатшунос сўнгги 25 йил давомида ШҲТ минтақа мамлакатлари учун сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида, шунингдек, транспорт-транзит ва маданий-гуманитар алоқалар йўналишида муҳим роль ўйнаганини таъкидлади.
Унинг фикрича, энди Марказий Осиё давлатлари олдида бир нечта асосий вазифа турибди.
Биринчидан, глобал жараёнларда фаол иштирок этиш ва стратегик мувозанатни сақлаш зарур. ШҲТга аъзо бўлиш Марказий Осиё давлатларига келажак тараққиёт кун тартибини шакллантириш учун асос яратиб, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон билан кўп томонлама форматдаги алоқаларини мустаҳкамлаш имконини беради. Шу билан бирга, ташкилот доирасидаги ҳамкорлик йирик ва ўрта давлатлар билан муносабатлар ўрнатишда стратегик мувозанатни сақлашга ёрдам беради.
Иккинчидан, иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик имкониятини қайд этиш мумкин.
“Сўнгги йилларда ШҲТга аъзо бошқа давлатлар Марказий Осиё мамлакатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги ҳамкорликни қайта кўриб чиқиб, уни янги йўналишлар билан тўлдирмоқда. Минтақа давлатлари учун асосий мақсад — қўшилган қиймати юқори бўлган ишлаб чиқариш занжирларини яратишга инвестициялар жалб қилиш. Шунингдек, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича ишларни жадаллаштиришни қўллаб-қувватламоқда. Бундай банк ташкилот маконидаги ишлаб чиқариш, инфратузилма, транспорт-транзит ва бошқа лойиҳаларни молиялаштиришни енгиллаштириш имконини беради”, — деди Шерали Ризоён.
Учинчидан, технологиялар, сунъий интеллект ва инсон салоҳиятини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Минтақа мамлакатлари учун ушбу йўналишлардаги шериклик жуда муҳим. Чунки Марказий Осиё давлатларида ёш инсон салоҳияти, стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар захиралари ва шаклланиб бораётган транспорт-транзит салоҳияти мавжуд. Ушбу соҳалардаги кўп йўналишли ҳамкорлик бир давлатга қарам бўлиб қолиш хавфини камайтириб, барқарор ривожланиш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга йўл очади.
Экспертнинг фикрича, ШҲТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун асосий ўзига хос жиҳати — Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон билан ягона майдонда кўп томонлама ҳамкорлик ўрнатиш имконини бериши. Бу давлатлар турли соҳаларда катта салоҳиятга эга. Айнан шу жиҳат ШҲТни минтақа мамлакатлари иштирок этадиган бошқа ташкилотлар ва форматлардан ажратиб туради.
“ШҲТга аъзо бўлиш ва ташкилот фаолиятида фаол иштирок этиш минтақа мамлакатларининг геосиёсий майдондаги аҳамиятини ошириб, халқаро муносабатларда мустақил иштирокчи сифатида ҳаракат қилиш имконини беради. Йирик давлатлар ва минтақавий бирлашмаларни қамраб олган «Марказий Осиё +» формати иштирокчиларининг 12 та давлатгача кенгайиши — бунинг далили”, — деди эксперт.
Сўзининг якунида эксперт ШҲТнинг муҳим ролини таъкидлаб, минтақа мамлакатлари эришилган келишувларни амалга оширишга кўпроқ эътибор қаратиши зарурлигини айтди. Айниқса, транспорт ва транзит соҳасидаги келишувларни амалга оширишга устувор аҳамият бериш лозим.
“Бу йил Қозоғистон ва Қирғизистоннинг Хитой орқали Покистон билан транзит савдосини йўлга қўйганига гувоҳ бўлдик. Шу тариқа Хитойнинг транспорт инфратузилмаси Марказий Осиё мамлакатларига Покистон портларига чиқиш, Ҳиндистон билан ҳамкорликни ривожлантириш ва Жанубий Осиё билан транспорт алоқаларини ўрнатиш имконини беради”, — дея хулоса қилди Шерали Ризоён.