Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё Қизил китобини тайёрлашни таклиф қилди
ASTANА. Каzinform — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари табиатни муҳофаза қилиш бўйича қўшма аниқ механизмларни ишга туширишни таклиф қилди.
Шу нуқтаи назардан, Давлат раҳбари минтақа учун умумий Қизил китоб тайёрпаш ташаббуси билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларни рўйхатга олиш билан чекланиб қолмасдан, балки табиатни муҳофаза қилиш соҳасида мувофиқлаштирилган ҳаракатларни таъминлаш учун самарали воситага айланиши керак.
— Бу жараён Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Тошкентдаги минтақавий офиси томонидан мувофиқлаштирилиши мумкин. Бу мамлакатларнинг илмий салоҳиятини бирлаштиради ва тизимли тажриба алмашинувини йўлга қўяди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Президент минтақада экологик таҳдидларнинг олдини олиш учун институционал асосни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда у “Яшил университет” қошидаги Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ва чанг бўронлари ҳақида эрта огоҳлантириш марказига минтақавий мақом беришни таклиф қилди. Ушбу ташаббус ерларнинг деградациясини назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёда иқлим ўзгариши икки баравар тез содир бўлаётгани ҳақида айтган эди.