Саудия Арабистонида дунёдаги энг баланд осмонўпар бино қурилади
ASTANA. Kazinform - Саудия Арабистонида дунёдаги энг баланд осмонўпар бино — “Rise Tower” қурилиши режалаштирилмоқда. Унинг баландлиги тахминан 2000 метрни ташкил этади ва бу кўрсаткич ҳозирча энг баланд бинолардан бири бўлган Дубайдаги “Бурж Халифа”дан қарийб икки баробар юқори, деб ёзади ЎзА.
Мажмуа 678 қаватдан иборат бўлиб, унда ҳашаматли меҳмонхоналар, юқори даражадаги ресторанлар, панорамали кузатув майдончалари ҳамда премиум тоифадаги бизнес марказлар жойлаштирилиши режалаштирилган.
“Time Out Dubai” нашри маълумотларига кўра, ушбу улкан лойиҳа Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрининг шимолида амалга оширилаётган “Vision-2030” дастурининг муҳим қисми ҳисобланади. Мазкур дастур мамлакатнинг нефтга бўлган қарамлигини камайтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, дам олиш ва туризм соҳаларини ривожлантиришни мақсад қилган.
Бу лойиҳа туризмни ривожлантириш ва шаҳар инфратузилмасини замонавийлаштиришга қаратилган кенг кўламли стратегиянинг бир қисми ҳисобланади. Шунингдек, шаҳарсозлик режалари доирасида Саудия Арабистонининг иккинчи йирик шаҳри — Жидда шаҳрида баландлиги 1000 метрга етадиган яна бир осмонўпар бино қуриш ҳам режалаштирилган.