Самарқандда “Туркий адабиёт дурдоналари” тақдимоти бўлиб ўтди

Самарқанд шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида юз жилддан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасининг тақдимоти ҳамда уни тайёрлашда иштирок этган ижодкорлар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Самарқандда “Туркий адабиёт дурдоналари” тақдимоти бўлиб ўтди
Фото: ЎзА

Тадбирда 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрловчи ишчи гуруҳ аъзолари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоир ва таржимонлар, шарқшунос олимлар, журналистлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

“Туркий адабиёт дурдоналари” номли китоблар туркуми ЎР Президентининг Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2019 йил 15 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтган 17-саммитидаги ташаббусига мувофиқ нашр этилган.

Ушбу жамланмага умумтуркий адабиётнинг энг етук намуналари, Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, Туркманистон ва Венгрия давлатларининг 11-21 асрларга мансуб жами 629 нафар атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган.

– Мажмуани тайёрлаш учун 200 дан зиёд таржимон, 100 дан зиёд адабиётшунос ва матншунос олим, адиблар, муҳаррир ва рассомлар жалб этилди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бош мутахассиси, 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрловчи ишчи гуруҳнинг мувофиқлаштирувчи координатори Рисолат Ҳайдарова. – 100 жилдликнинг 5 жилди умумий адабиётлар, 28 жилди ўзбек адабиёти, 5 жилди қорақалпоқ адабиёти, 17 жилди турк адабиёти, 16 жилди озарбайжон адабиёти 10 жилди қозоқ адабиёти, 9 жилди қирғиз адабиёти, 9 жилди туркман адабиёти ва 1 жилди венгер адабиётини ўз ичига олади.

Асарлар мажмуаси дастлабки тарзда 200 минг нусхада чоп этилган. Тақдимот маросими ва ижодий мулоқот қизиқарли ҳамда унутилмас китоб байрамига айланиб кетди.

Сўнгги хабарлар