Россияда илк марта коронавирусдан бир ҳафта ичида 5000 дан ортиқ одам вафот этди
Бу Россия учун янги рекорддир. Аввалги рекорд ўтган ҳафта ўрнатилганди. Ўшанда 4663 киши коронавирусдан вафот этган.
Шу билан бирга, юқумли касалликларнинг юқори даражаси туфайли ўлим нисбати сезиларли даражада ўзгармади. Олти кун ичида у атиги 2,46% дан 2,47% гача кўтарилган.
Россияда ўлим даражаси ўтган йилга нисбатан анча юқори: мамлакатда бир ҳафта ичида ўлганлар сони 2020 йил июл ойининг умумий кўрсаткичини ташкил қилди (ўшанда 1-31 июл кунлари 4643 та ўлим ҳолати қайд этилганди). Шуни таъкидлаш керакки, штаб маълумотлари тўлиқ эмас ва у фақат ўлимнинг асосий сабаби коронавирус бўлган ҳолатларнигина қайд қилиб боради.
Россияда касалланиш даражаси ошиб бормоқда, шу билан биргаликда касалланишнинг ўсиш суръати пасайиши кузатилмоқда. Олдинги ҳафта мамлакатда 159 650 та ҳолат қайд этилган бўлса, 5-11 июл кунлари 172 392 та касалланиш ҳолатлари аниқланган, яъни ўсиш 8%ни ташкил қилган. Олдинги ҳафтада эса ўсиш суръати 19%ни кўрсатганди.
Бу Москвадаги вазиятнинг барқарорлашиши билан боғлиқ. Мамлакат пойтахтида коронавирус инфекциясининг янги ҳолатлари камая бошлаган. Бош штаб ўтган ҳафтада шаҳарда 41 463 киши касалланганини қайд этган, ўтган ҳафтада эса юқтирганлар сони 48833 кишини ташкил этганди (касалланиш даражаси 15,1 фоизга камайган).
Россияда бир ҳафтада 131 318 киши соғайиб чиққан. Бу ўтган ҳафтага нисбатан 17,1 фоизга юқори. Бироқ, фаол ҳолатлар сони ўсиб бормоқда - мамлакатда, штаб маълумотларига кўра, айни дамда 440 112 киши даволанмоқда (бу 5 февралдан бери энг юқори кўрсаткич).