Россия ва Тожикистон меҳнат миграцияси бўйича келишув имзолади

ASTANA. Kazinform - Владимир Путин ва Эмомали Раҳмоннинг Душанбеда бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича Россия ва Тожикистон меҳнат миграцияси, жумладан, Россия Федерациясида ишлаш учун тиббий кўрикдан ўтиш билан боғлиқ ҳужжатларни имзолади, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Россия и Таджикистан заключили соглашение в сфере трудовой миграции
Фото: Интернет-портал СНГ

Келишувга кўра, Россияга ишлаш учун кетаётган Тожикистон фуқаролари Душанбедаги тиббиёт муассасаси ҳудудидаги белгиланган пунктда мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари мумкин бўлади. Жараённинг ўзи Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб-қоидаларга мувофиқ амалга оширилади. Россияга келгандан кейин такрорий тиббий кўрикдан ўтиш талаб қилинмайди.

Бундан ташқари, 2019 йил 17 апрелдаги Тожикистон фуқароларини Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий равишда жалб этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома имзоланди.

Россия Федерацияси ва Тожикистон раҳбарларининг қўшма баёнотида қайд этилишича, ҳужжат икки давлатнинг ўзаро манфаати ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишчи кучини ташкилий ёллаш механизмини такомиллаштиришга кўмаклашишга қаратилган.

"Музокаралар якунлари бўйича ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзоладик. Хусусан, меҳнат миграцияси, бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш учун шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга оид ҳужжатлар имзоланди", — деди Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон.

Россия Президенти Владимир Путин Россияда 1 миллиондан ортиқ Тожикистон фуқаролари яшаб, меҳнат қилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин айни кунларда давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлиб турибди. Олий даражадаги учрашув ва музокаралар якунлари бўйича давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 16 та ҳужжат қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Душанбега ташриф билан боргани ҳақида хабар қилинган эди.

Сўнгги хабарлар