Президентни дунё етакчилари Қурбон ҳайити билан табрикламоқда
ASTANA. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев номига Қурбон ҳайити муносабати билан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрикномалар келмоқда. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити умумий тарих, тил, дин ва урф-одатларга эга бўлган халқлар ўртасидаги биродарликни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
“Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида икки мамлакатнинг стратегик шериклиги ва иттифоқи мустаҳкамланади”, - дейилади телеграммада.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қурбон ҳайитини маънавий покланиш, хайрия ва ҳамкорлик белгиси сифатида таърифлади.
“Ишончим комилки, ушбу муқаддас байрам тарихга асосланган халқларимиз ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва ўзаро ҳурматни янада мустаҳкамлайди”, дейилади табрикномада.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ушбу байрамнинг мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, самарали ҳамкорлик ва тушунишни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлади.
“Муқаддас байрам асрлар давомида халқларимизни эзгуликка, саховатга, адолатга ва бошқаларга ёрдам беришга ундаб келмоқда”, - дейилади Тожикистон Президентининг табрикномасида.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иймон ва меҳр-шафқатни улуғлайдиган муқаддас байрам бутун мусулмон жамоасини бирлаштиришини ёзган.
“Умумий маънавий қадриятларга интилиш халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этишига шубҳам йўқ”, - дейилади телеграммада.
Қурбон ҳайити муносабати билан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, БАА Вице-президенти ва Бош вазири ҳамда Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Қувайт Амири шайх Мишаал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ, Қувайт валиаҳд шаҳзодаси Сабаҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабаҳ, Баҳрайн Подшоҳи Шайх Ҳамад бин Исо Ал-Халифа, Жазоир Президенти Абделмажид Теббун, Афғонистон Бош вазири Муҳаммад Ҳасан Ахунд, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, ИСЕСКО бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев ва бошқалар энг эзгу тилакларини йўллашди.
Табрикномалар ҳали ҳам келмоқда.