Президент: Қозоғистоннинг нуфузини ошириб, тараққиётини олға бошлайдиган — ғайратли ёшлар

ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбари «Айбин» XII Халқаро ҳарбий-ватанпарварлик ёшлар йиғинида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Kazakhstan’s future rests with young people, says President Tokayev at Aibyn-2026
Photo credit: Akorda

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ақмола вилоятининг Щучинск шаҳрида ўтаётган «Айбин» XII Халқаро ҳарбий-ватанпарварлик ёшлар йиғинида иштирок этди.

«Айбин-2026» дастурига ҳарбий-спорт, интеллектуал, ижодий ҳамда ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича мусобақалар киритилган. Бу йилги йиғинда Қозоғистоннинг турли ҳудудлари, шунингдек, Озарбайжон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистондан келган 50 дан ортиқ жамоа қатнашди.

Давлат раҳбари мазкур тадбир ёш авлоднинг руҳини мустаҳкамлайдиган, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган жуда муҳим анжуман эканини таъкидлади.

“Нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг энг кучли, энг жасур ёш сарбозлари муносиб иштирок этди. Шунингдек, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Россиядан келган дўстона ва қардош мамлакатлар ёшлари ҳам ўз кучини синаб кўрди. Бугун барчангизга самимий миннатдорлигимни билдираман. Бу йирик мусобақа мамлакатимиз учун жуда муҳим даврда ўтмоқда. Март ойида Қозоғистоннинг янги Конституцияси қабул қилинди. Бу - давлатимизнинг келажагини белгилайдиган, миллатимиз тақдирига бевосита таъсир кўрсатадиган тарихий воқеадир. Бутун халқимизнинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган Асосий қонун, энг аввало, ўсиб келаётган авлод манфаатлари учун қабул қилинди. Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги худди сизлардек ватанпарвар, билимли, меҳнатсевар, бунёдкор ва жасур ёшлар қўлидадир. Қозоғистоннинг нуфузини ошириб, унинг тараққиётини олға бошлайдиган ҳам айнан ғайратли ёшлардир! Мен Сизларга катта умид билдираман!” — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда «Айбин-2026» халқаро ҳарбий-ватанпарварлик йиғини бошлангани ҳақида хабар берилган эди.