Президент корейсларнинг Қозоғистонга кўчирилганига 90 йил тўлишини нишонлашни таклиф қилди
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чо Чжон Шик билан учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди ва келаси йили корейсларнинг Қозоғистонга кўчирилганига 90 йил тўлишини таъкидлади.
Давлат раҳбари Қозоғистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда қонун чиқарувчи органларнинг ролига тўхталди.
“Умуман олганда, сўнгги йилларда парламентлараро мулоқот сезиларли даражада чуқурлашди. Қозоғистон Парламенти ва Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси ўртасидаги алоқалар мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Бундай алоқаларни Қурултой депутатлари ҳам фаол равишда ривожлантиришда давом этадилар”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент икки томонлама муносабатларнинг айрим жиҳатларига ҳам эътибор қаратди.
“Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Бу — жуда яхши тенденция. Қозоғистонда Корея капитали иштирокидаги мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритади. Кўплаб муҳим соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар амалга ошириб келиняпти. Маданий-гуманитар алоқаларимиз чуқур илдизларга эга. Қозоғистонда қарийб 120 минг нафар корё-сарам, яъни этник корейслар истиқомат қилади. Уларни халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг «олтин кўприги» деб аташ муболаға саналмайди. Ўзингизга маълум, келаси йили корейс халқининг Қозоғистонга кўчирилганига 90 йил тўлади. Бу — тарихий воқеа. Икки давлат биргаликда ушбу муҳим санани юқори даражада нишонлаши керак”, — деди Президент.
Спикер Чо Чжон Шик Қозоғистон Президентига самимий муносабати учун миннатдорлик билдириб, Миллий Ассамблеяга махсус ташриф буюргани учун раҳмат айтди.
“Аввало, Сизни конституциявий ислоҳот ва парламент сайловларининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Бу — Қозоғистон халқининг Сизга Президент сифатида билдирган ишончи юқори эканини кўрсатади. Сўнгги йилларда Қозоғистон ва Корея турли соҳалардаги ҳамкорликни изчил равишда мустаҳкамлаб келмоқда. Шунинг учун ушбу ташрифингиз доирасида икки давлат муносабатлари истиқболга йўналтирилган кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан хурсандман”, — деди Чо Чжон Шик.
Парламент раиси Қозоғистон Кореянинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки давлатнинг энергетика, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларидаги ҳамкорлигини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Чо Чжон Шик икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ва ўзаро ташрифлардан мамнун эканини билдирди.
“Қозоғистон ва Корея ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва умумий фаровонлик йўлида олдинга интилишда давом этади. Корея Миллий Ассамблеяси бу жараённи ҳар томонлама ва фаол қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, келаси йил баҳорда Қозоғистонда Марказий Осиё ва Корея Республикаси парламентлари раисларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтади. Унда иштирок этишни режалаштиряпман. Ўша пайтда Сиз билан Қозоғистонда учрашишга умид қиламан”, — деди Спикер.
Учрашув якунида томонлар Қозоғистон ва Корея Республикаси икки томонлама муносабатларнинг барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирдилар.