Президент: юртимизнинг порлоқ келажаги — навқирон авлод қўлида

ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Халқаро ёшлар кунига бағишланган Jastar Fest форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Ҳурматли ёшлар, форум иштирокчилари!

Ҳурматли жамоат!

Барчангизни Халқаро ёшлар куни билан табриклайман!

Бу — ўзига хос маънога эга байрам. Бугун бу ерда чинакам ватанпарвар, истеъдодли, жонкуяр ёшлар йиғилган. Турли касб-ҳунарларни эгаллаган фуқаролар бирлашмоқда.

Халқимиз изланувчан ёшларни доимо қўллаб-қувватлаб келган. “Ақл — ёшдан” дея уларга катта ишонч билдирадилар.

Сизлар барча соҳаларда фаол ишлаяпсизлар. Волонтёр сифатида сизлар муҳтожларга ёрдам берасизлар. Муҳим ташаббуслар, экологик тадбирларда иштирок этасизлар ва қўллаб-қувватлайсизлар. Спорт ва маърифий мусобақаларда пешқадамлик қилиб, юрт шарафини юксалтирмоқдасизлар.

Шундай қилиб, Адолатли, Тоза ва Кучли Қозоғистонни барпо этишга ҳақиқий ҳисса қўшаяпсизлар. Барчангизга самимий миннатдорчилигимни билдираман!

Павлодар шаҳрида Ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳудуд — миллат маънавиятини бойитишда беқиёс ҳисса қўшган буюк шахслар диёри. Павлодар мамлакатнинг саноат марказларидан биридир. Вилоят иқтисодиёт ривожига катта ҳисса қўшди.

Вилоят аҳолиси ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳалол меҳнат қилмоқда. Улар мамлакат тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Ёшларимиз улардан ўрнак олиб, ҳудудни янада ривожлантириш, янги марраларни забт этишга хизмат қилиши керак.

Меҳнат ва билим, меҳр ва масъулият энг олижаноб фазилатлардир.

Бу йил — Қозоғистонда Ишчи касблари йили. Бу борада кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширдик. Мамлакатимизда меҳнаткаш инсонга доимо алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши керак.

Буни ёш авлод онгига сингдириш муҳим, чунки меҳнат — ҳар бир инсон ҳаётининг пойдевори ва ҳаракатлантирувчи кучидир. Меҳнатсиз тараққиёт ҳам, фаровонлик ҳам бўлмайди. Бу ташаббуснинг мазмун-моҳияти шундан иборат.

Ёшлик ҳар доим ва ҳамиша ўзгаришларнинг бошида туради7

Сизлар дунё тез ўзгариб бораётган даврда яшаяпсиз. Ёшларда ўзини исботлаш учун кўплаб имкониятлар мавжуд.

Илғор фикрли ёшларнинг жамият ҳаётига фаол жалб этилиши, билим олиши, меҳнат қилишга, ўзини ривожлантиришга интилиши қувонарлидир. Чунки юртимизнинг бугуни ва келажаги сизлар ҳисобланасиз.

Ватанимиз тақдири маълум даражада ёш авлоднинг кучи, ғояси, билими, матонати, ватанпарварлик фазилатларига боғлиқ.

Давлат томонидан ёш авлод учун муносиб шароит яратиб берилмоқда. Қозоғистонда таълим ва бандлик имкониятларини кенгайтириш, истеъдодларни ривожлантириш, имтиёзли уй-жой сотиб олиш, шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб дастурлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Бу имтиёзлардан 600 минг нафардан ортиқ ёшлар баҳраманд бўлмоқда. Шунингдек, улар махсус квота орқали Мажилис ва Маслиҳатлар фаолиятида фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Президен ёшлар кадр резерви аъзолари ҳам ишбилармонлиги билан эътироф этилиб, юқори лавозимларга тайинланмоқда. Қишлоқ ва туман ҳокимларини тўғридан-тўғри сайлаш усули кўплаб ёшларнинг маҳаллий ижро ҳокимияти тизимига киришига кенг йўл очди.

Дунёда ёшлар учун бундай мазмунли дастурлар кўп эмас. Давлатимиз бу стратегик муҳим сиёсатни албатта давом эттиради.

Мамлакатимизга масъулиятдан қочмайдиган, тинимсиз меҳнат қиладиган, ўзини доимо такомиллаштириб борувчи, инновацион ёшларга эҳтиёж бор.

Ҳаким Абай «Өзіңе сен, өзіңді алып шығар, еңбегің мен ақылың екі жақтап» , деб бежиз айтмаган. Буюк мутафаккирнинг бу насиҳати бугунги кунда ҳам долзарбдир. Қозоғистон ёшлари —кўзи очиқ, қалби уйғоқ, дунёқараши кенг, бунёдкор фуқаролардир. Юртимизнинг порлоқ келажаги -  навқирон авлод қўлида.

Мен Сизларга ишонаман!

Севимли Ватанимиз равнақ топсин!

Йўлларингиз очиқ бўлсин!

Ёшларимиз доимо бахтли ва муваффақиятли бўлсин!

Эслатиб ўтамиз, Президент халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларини тақдирлади.

Сўнгги хабарлар