Президент футбол клубларини хусусийлаштиришни жадаллаштиришга чақирди
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосиновни қабул қилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга спорт соҳасини кенг қамровли ислоҳ қилиш бўйича аввал берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилди.
Ербол Мирзабосинов болалар ва ўсмирлар спортини қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, спортга илмий ёндашувларни жорий этиш, бюджет маблағларини оптималлаштириш ва қонунчилик базасини такомиллаштириш масалалари бўйича ҳисобот берди.
Шунингдек, спорт соҳасида вертикал бошқарув тизимини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Соҳадаги аҳвол ҳар томонлама таҳлил қилиниб, бир қатор ҳудудларда спорт бошқармаларига раҳбарлар тайинланиб, аниқ самарадорлик кўрсаткичлари белгиланиб, спортчилар ва мураббийларга тўланадиган тўловлар миқдори ягона кўрсаткичга келтирилди. Бундан ташқари, устувор спорт турлари бўйича танлов талаблари белгиланди.
Жорий йилдан кучга кирган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири фаол ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мазкур қонун бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, спортни ривожлантиришнинг устувор турларини белгилаш, профессионал клубларга тўловлар бўйича лимитлар жорий этишга қаратилган.
Вазир хорижлик сайёҳларни жалб этиш ва қонунчилик базасини такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида ҳам ахборот берди.
Президент топшириғига кўра Шчучье-Бурабай курорт ҳудуди ва Манғистауни ривожлантириш бўйича комплекс режа ишлаб чиқилди. Алмати тоғ кластерини ривожлантириш режаси тайёрланмоқда. Шунингдек, курорт ҳудудларни ривожлантириш бўйича идоралараро йўл харитаси ишлаб чиқилди. Бу ерда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, санитария меъёрларини юксалтириш, транспорт қулайлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари вазирга қатор вазифаларни юклади.
Хусусан, вертикал бошқарув тизимини жорий этишни давом эттириш ва футбол клубларини хусусийлаштиришни жадаллаштириш зарур. Шунингдек, туризм соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида қайд этилди.