Президент Чехия Бош вазирини I даражали “Достық” ордени билан тақдирлади
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу давлат мукофоти Андрей Бабишга Чехия Республикаси ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун берилганини айтди.
“Сиз Қозоғистоннинг ишончли дўсти ва халқаро миқёсдаги таниқли давлат арбобисиз. Икки томонлама муносабатларни муваффақиятли ривожлантиришга қаратилган конструктив позициянгизни юқори баҳолайман. Сиз ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун тинимсиз меҳнат қилиб келмоқдасиз, шунинг учун муносабатларимиз келажагига ишонч билан қараймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссангиз учун сизга I даражали “Достық” ордени билан мукофотлашга қарор қилдим. Ушбу юксак мукофот мустаҳкам Қозоғистон-Чехия дўстлигининг ёрқин рамзига айланади. Ишончим комилки, бизнинг ҳамкорлигимиз келажакда ҳам ривожланиб, мустаҳкамланиб бораверади”, – деди Президент.

Андрей Бабиш юксак давлат мукофоти билан тақдирлангани учун Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорчилик билдирди.
“Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик самарали ривожланаётганидан чин дилдан хурсандман. Сиёсий мулоқотимиз очиқ ва конструктивдир. Халқаро майдондаги ҳамкорлигимиз барқарорлик, тинчлик ва шерикликка содиқлигимизни намойиш этади. Чехия Республикаси Қозоғистоннинг жаҳон миқёсидаги ишончли ҳамкори эканлигидан фахрланади. Жаноб Президент, мени ушбу юксак мукофотга муносиб деб топганингиз ва халқаро ҳамкорлик ҳамда мулоқотни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссангиз учун миннатдорлик билдираман. Ишонаманки, келажакда ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстликни чуқурлаштириш ва дунёда барқарорликни ўрнатиш йўлида ишлашда давом этамиз”, - деди Чехия Республикаси Бош вазири.

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Чехия Бош вазири Андрей Бабиш кичик таркибда музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.