PepsiСo ўз маҳсулотлари учун маҳаллий картошкадан фойдаланишни режалаштирмоқда

ASTANА. Кazinform - Жорий йилда Алмати вилоятининг Алатау шаҳрида қуриладиган «Lays» брендли газаклар заводига хомашёнинг 50 фоизи қозоғистонлик фермерлардан етказиб берилади. 2033 йилда эса маҳаллий фермерларнинг картошкасидан 100 фоиз фойдаланилади.

PepsiСo
Фото: KAZAKH INVEST

Бу ҳақда Россия, Беларусь, Кавказ, Марказий Осиёда озиқ-овқат саноати соҳасидаги йирик трансмиллий корпорация PepsiСo президенти Давид Манзини Астанада бўлиб ўтган завод лойиҳаси тақдимоти маросимида маълум қилди.

“Биз завод қурилишини 2026 йилда якунлаш ниятидамиз. Бугунги кунда ер участкаси каби асосий масалалар ўз ечимини топди. Шу билан бирга, максимал даражада қўллаб-қувватлаган Қозоғистон Ҳукумати вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Агар завод муваффақиятли ишга тушса, бу бизнинг Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳамиз бўлади. Маҳсулотлар Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда МДҲ давлатларига ҳам экспорт қилинади. Энг муҳими, 350 га яқин янги иш ўрни яратилади. Бошқа ижтимоий лойиҳаларимиз ҳам бор”, — деди Д. Манзини.

Маълумки, янги газак(снек) ишлаб чиқарувчи завод қурилишига 70 миллиард тенге сармоя киритилади. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги инвестиция қўмитаси раиси Ғабидолла Оспанқуловнинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа биринчи марта Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2022 йилда АҚШга ташрифи чоғида тилга олинган.

PepsiСo
Фото: KAZAKH INVEST

 

“Ўша йили америкалик инвесторлар билан бўлиб ўтган учрашувда келишилган шартлар бугун амалга оширилмоқда, дейишга барча асослар бор. Бу йирик трансмиллий компания Марказий Осиёдаги бош қароргоҳ сифатида Қозоғистонни танлади. Барча шартномалар имзоланган. “Алатау” махсус иқтисодий зонасига бундай йирик компанияларнинг келиши мамлакатимизда сармоявий муҳит яхшиланганидан, инвесторлар давлатимиз томонидан доимо қўллаб-қувватланаётганидан далолатдир”, — деди Ғабидолла Оспанқулов.

Мазкур лойиҳанинг озиқ-овқат саноати ва агросаноат мажмуаси учун аҳамияти билан бир қаторда шуни таъкидлаш керакки, завод қурилиши транспорт, логистика, қадоқлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мультипликатив таъсир кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош вазир Олжас Бектенов Россия, Беларусь, Кавказ, Марказий Осиёда озиқ-овқат саноати соҳасидаги йирик трансмиллий корпорация PepsiСo президенти Давид Манзини билан учрашгани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар