Павлодарда муз мажмуаси қурилиши учун 19,9 млрд тенге ажратилди
ASTANA. Kazinform - Ҳукумат Давлат раҳбари томонидан Қурултойнинг биринчи сессиясида белгиланган вазифалар доирасида ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш устида иш олиб бормоқда. Шу муносабат билан Павлодарда кўп фунцияли Муз спорти саройи қурилиши учун 19,9 миллиард тенге ажратилди, деб хабар беради Ҳукумат матбуот хизмати.
Лойиҳа Олимпия талабларига мувофиқ 400 метрлик конькида учиш йўлаги, Канада ва Европа форматидаги иккита хоккей майдончаси, шунингдек, керлинг йўлакчаларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, 500 томошабинга мўлжалланган трибуна, спорт зали, мураббийлар ва ҳакамлар учун хоналар қурилади. Мажмуанинг умумий майдони 22 минг квадрат метрдан ошади. Лойиҳани амалга ошириш бошланди ва объектни 2027 йил декабрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Ушбу объект фойдаланишга топширилгандан сўнг, бир вақтнинг ўзида бешта қишки Олимпия спорт турларини ривожлантириш режалаштирилган: конькида учиш, хоккей, фигурали учиш, шорт-трек ва кёрлинг. Мажмуанинг очилиши янги спорт секцияларини ташкил этиш, тўлиқ машғулот жараёнини ўтказиш ва турли даражадаги мусобақаларни ташкил қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ҳозирда Павлодар шаҳрида 19 та хоккей майдончаси фаолият юритиб келади. Улардан 5 таси ёпиқ, шунингдек, муз саройи ва муз аренаси мавжуд. Бироқ, мавжуд иншоотлар аҳоли ва спорт ташкилотларининг эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун етарли эмас. Янги спорт мажмуаси мавжуд майдонларга тушадиган юкни камайтиради ва қишки спорт турлари билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтиради.