Парламент ислоҳоти, Солиқ кодекси ва АЭС қурилиши: 2026 йилда мамлакатда нималар ўзгаради
ASTANA. Kazinform – Келгуси йилларда Қозоғистоннинг ривожланиш траекториясида янги бурилиш бўлиши мумкин. Мутахассислар макроиқтисодий прогнозлар бериб, ички ва ташқи сиёсат ҳамда давлат тузилиши бўйича лойиҳалар тайёрламоқдалар. Kazinformнинг таҳлилий шарҳловчиси кейинги бир неча йил ичида бўладиган муҳим ўзгаришларнинг жиддийлигини баҳолади.
Асосий янгиликлар — Солиқ кодекси
Иқтисодий нуқтаи назардан, 2026 йилда мамлакатда энг муҳим ўзгариш Солиқ кодексидан бошланади. 2026 йилда тубдан янгиланиш арафасида турибмиз. Чунки келгуси йил бошида қабул қилинган янги кодекс кучга киради.
Солиқ бўйича мутахассис ва бухгалтер Айжамал Абдикеримованинг сўзларига кўра, ислоҳот соя иқтисодиёти улушини камайтиради ва солиқ тизимини янада ихчам ва тушунарли қилади. Масалан, илгари мамлакатда 8 хил солиқ режими қўлланилган бўлса, энди уларнинг сони камаяди. Бундан буён 3 та асосий формат қолади: умумий режим, соддалаштирилган режим ва қишлоқ хўжалиги учун махсус режим.
Бундан ташқари, ўрта ва кичик бизнес учун имтиёзлар сақланиб қолади. Такси ҳайдовчилари ва сартарошлар каби касблар билан шуғулланувчилар — ойига 1,3 миллион тенгегача даромад олувчилар — якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан ишлашлари мумкин бўлади. Бу ҳолда, улар ҳар ой фақат битта тўловни амалга оширадилар, унинг 4 фоизи автоматик равишда пенсия ва тиббий суғуртага йўналтирилади.

Бироқ, мутахассис бу режим келажакда нафақага чиқишни ёки ҳомиладорлик туғруқ тўловларини олишни режалаштирган фуқаролар учун самарасиз эканлигини яширмайди.
Бундан ташқари, мутахассис Солиқ кодекси бозор нархларига ҳам таъсир қилади, деб ҳисоблайди.
“Ҳозирда энг кўп муҳокама қилинаётган ўзгаришлардан бири - қўшилган қиймат солиғининг ошиши ҳисобланади. Илгари унинг ставкаси 12 фоизни ташкил этган бўлса, энди у 16 фоизгача кўтарилади. Бу банк хизматлари, болалар боғчалари ва турли тўгараклар, сервис хизматларининг қимматлашишига таъсир қилиши мумкин. Уй-жой нархларининг кўтарилиши хавфи ҳам мавжуд. Чунки илгари ҚҚСдан озод қилинган қурилиш компаниялари энди ушбу солиқни тўлашга мажбур бўладилар”, - дейди у.
Айжамал Абдикеримованинг сўзларига кўра, қурилиш саноатига қўшимча солиқ юки квартиралар нархида бевосита акс этиши мумкин.
Янги Солиқ кодексида банк секторига оид муҳим ўзгаришлар ҳам кўзда тутилган. Банклар учун корпоратив даромад солиғи 15 фоиздан 25 фоизгача ошади. Бу, ўз навбатида, банк хизматлари нархининг ошишига олиб келади деб тахмин қилинмоқда. Бундан ташқари, хусусий болалар боғчалари ва мактаблар каби ижтимоий тадбиркорлар янги йилдан бошлаб солиқ тўлашлари шарт бўлади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, давлат назорати ҳам кучайтирилади. Энди мулк ва транспорт билан боғлиқ барча операциялар автоматик равишда кузатилади ва тўланмаган солиқ қарзлари уч йилгача ундирилади.
“Янги Солиқ кодекси - нафақат тадбиркорларга, балки бутун жамиятга таъсир қиладиган кенг кўламли ислоҳотдир. Хизматлар нархи ошади, уй-жой қимматлашади ва банк операциялари ҳам қимматлашиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ушбу ўзгаришлардан хабардор бўлиши ва олдиндан тайёргарлик кўриши керак”, — дея хулоса қилди Айжамал Абдикеримова.
Бир палатали Парламент
Кейинги йили Парламент Сенати ўзининг 30 йиллигини нишонлайди. Бироқ, бу сана Сенат тарихидаги охиргиси бўлиши мумкин. Қасим-Жомарт Тоқаев ўзининг халққа йўллаган навбатдаги Мурожаатида партия рўйхатлари бўйича сайланадиган бир палатали парламент тузишни таклиф қилди. Президентнинг сўзидан тушунганимиздек, 2027 йилда мамлакатда парламент ислоҳоти бўйича умуммиллий референдум ўтказилиб, шундан сўнг Конституцияга тузатишлар киритилиши режалаштирилмоқда. Гарчи бу ҳали ҳам таклиф бўлса-да, бу мавзу жамиятда қизғин муҳокама қилинмоқда.
ҚР Президенти ҳузуридаги ҚСТИ сиёсий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Жанар Санхаеванинг сўзларига кўра, бир палатали тизим давлат тузилишини сезиларли даражада ўзгартириши мумкин.
“Бир палатали моделга ўтиш парламент ичидаги тузилмаларни мустаҳкамлаш орқали амалга оширилади. Шундай қилиб, парламент мухолифати ҳуқуқларини кенгайтириш, қонун лойиҳаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш имкониятига эга қўмиталар тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, Парламентаризм институти ва бошқа таҳлилий хизматлар иши орқали эксперт инфратузилмасини ривожлантириш орқали назорат функциялари қайта тақсимланди ва кучайтирилди. Буларнинг барчаси Мажилисда олтита сиёсий партия вакиллиги бўлган кўп партиявий тизим шароитида янада масъулиятли ва шаффоф қонунчилик жараёни учун замин яратиш имконини берди”, — деди эксперт.

Спикернинг сўзларига кўра, бир палатали Парламентга ўтиш - алоҳида қадам эмас, балки сиёсий институтларни мустаҳкамлаш ва фуқаролик иштирокини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар мантиғига асосланган. Унинг бир қатор тизимли афзалликлари бор. Биринчидан, жавобгарлик ортади, яъни икки палата аввалгидек масъулиятни бир-бирига юкламайди.
“Иккинчидан, бир палатали тузилма партия тизимини мустаҳкамлайди. Партия тизими сиёсий рақобатни кучайтиради, ҳокимиятнинг ҳаддан ташқари индивидуализациясини камайтиради ва мустақил институтларни шакллантиради.
Учинчидан, бир палатали Парламент қарорлар қабул қилиш самарадорлигини оширади. Сиёсий цикл тезлиги кўпинча ислоҳотларнинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлигини белгилайдиган даврда, тасдиқлашга тўсиқлар қанчалик кам бўлса, ғоялар шунчалик тез аниқ қонунларга, қонунлар эса жамият ҳаётидаги аниқ ўзгаришларга айланади”, — деди Жанар Санхаева.
Сенатдан воз кечиш шошилинч масала эмас. Бутун мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий келажагини ҳал қилувчи тузилмани бирданига йўқ қилиш осон бўлмаслиги ажабланарли эмас. Шунинг учун Давлат раҳбарининг ўзи шошилмаслик кераклигини таъкидлади.
“Дарҳол айтишим керакки, бу жуда муҳим масала. Уни шошилинч равишда амалга ошириш мумкин эмас. Ушбу ислоҳот фуқаролик секторида, мутахассислар орасида ва, албатта, ҳозирги Парламентда батафсил муҳокама қилиниши керак. Ислоҳотнинг алоҳида аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, менимча, уни муҳокама қилиш учун бир йил керак бўлади”, — деди Президент.
АЭС қурилиши қачон якунланади?
Қозоғистонда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича аниқ қадамлар қўйилмоқда. Атом энергияси агентлиги маълумотларига кўра, кейинги 2-3 йил ичида атом электр станцияси қурилиши амалга оширилади.
Аввалроқ, халқаро танлов натижасида биринчи атом электр станциясининг пудратчиси ва оператори сифатида Россиянинг "Росатом" компанияси аниқланган эди. Йирик энергия иншооти Балқаш кўли бўйида, Алмати вилоятининг Улкен қишлоғи яқинида қурилади.

Маълум бўлишича, станция ишга туширилгандан сўнг, 2 мингдан ортиқ одам доимий иш билан таъминланади. 2,5 минг мегаваттдан ортиқ қувватга эга станция тахминан 3 миллион хонадонни электр энергияси билан таъминлашга қодир.
Қозоғистондаги биринчи атом электр станцияси VVER-1200 реакторлари билан жиҳозланади. Умумий қуввати тахминан 2,4 гигаватт бўлган станция 2035 йилда электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлайди.
Шуни таъкидлаш керакки, Қозоғистон ядро энергетикасини ривожлантиришда халқаро ҳамкорликка ҳам катта аҳамият беради. Яқинда Вена шаҳридаги Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош қароргоҳида Қозоғистон делегациясининг муҳим учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда 2026-2027 ва 2028-2029 йилларга мўлжалланган техник ҳамкорлик дастурлари, ядро энергиясини тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва илмий инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Ядрофизик Медеу Абишевнинг сўзларига кўра, атом электр станцияси қурилиши энергия ресурсларини диверсификация қилишга ёрдам беради.
“Мамлакатимизнинг режаси қуёш энергияси манбаларини 40 фоизга оширишдир. 2035 йилда газ тақиқланиши мумкин. Бироқ вақтинчалик газ электр станциялари бўлади. Иложи бўлса, гидроэлектростанциялар қуриш лойиҳаси мавжуд. Бироқ унинг Қозоғистондаги салоҳияти паст. Чунки бизда сув йўъқ. Барча гидроэлектр станциялари қуриб бўлинган. Аммо ҳозир кичикроқ станцияларни қуриш мумкин. Бироқ бу атиги бир неча фоизни ташкил қилади. Шунинг учун, энди Қозоғистонга асосий энергия манбаи керак ва бу атом электр станцияси. Атом энергияси — дунё бўйлаб кўриб чиқилаётган ягона энергия манбаи”, — деди мутахассис.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам бу йўналишнинг муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган. Яқинда Давлат раҳбари Балқаш АЭС ва келажакдаги иккинчи станция энергия балансини диверсификация қилишини ва кўмир ва газга қарамликни камайтиришини айтди. Бу қадам, шубҳасиз, нафақат энергия хавфсизлигини мустаҳкамлайди, балки мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун ҳам йўл очади.