Париж меҳмонхоналаридан биридаги чангютгич ичидан қимматбаҳо олмосли узук топилди

Париждаги ҳашаматли Ritz меҳмонхонасида йўқолган 750 минг евролик узук чангютгич ичидан топилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги BBCга таяниб хабар беради.

Париж меҳмонхоналаридан биридаги чангютгич ичидан қимматбаҳо олмосли узук топилди
Фото: ritzparis.com

Заргарлик буюмлари эгаси, малайзиялик тадбиркор жума куни полицияга узук ҳақида хабар бериб, уни меҳмонхона ходимларидан бири ўғирлаган бўлиши мумкинлигини айтди.

Аммо Le Parisien нашрига кўра, машҳур меҳмонхона қўриқчилари уни якшанба куни чангютгич ичидаги чанг қопида топиб олишган.

Унинг эгаси Париждан Лондонга учиб кетган, бироқ узукни олиш учун қайтиб келади, деб ёзади газета.

Халқаро ҳашаматли меҳмонхоналар тармоғи вакиллари унга компенсация сифатида учта бепул тун таклиф қилишган, аммо у бу таклифни қабул қилишни истамаганга ўхшайди.

“Қўриқчиларнинг пухта меҳнати туфайли бугун эрталаб узук топилди. Ritz меҳмонхонаси ходимларига миннатдорчилик билдирамиз. Улар узукни қидиришда ёрдам беришди ва ҳар куни ўзларининг профессионаллиги ва ўз ишига содиқликларини намойиш қилишди”, — дейилади Ritz баёнотида.

Заргарлик буюмлари эгаси полицияга жума куни узукни меҳмонхонадаги стол устида қолдириб, шаҳар марказига харид қилгани чиқиб кетганини айтди.

Бир неча соатдан кейин қайтиб келганида, стол устидаги ноёб олмос узукни топа олмаган.

Энди йўқолган буюм эгаси келиб уни олгунча полицияда бўлади.

Машҳур беш юлдузли Ritz меҳмонхонаси Парижнинг марказида, Вандом майдонида жойлашган. Унга машҳур ва бой одамлар ташриф буюришади.

Сўнгги хабарлар