Ҳозирги вазият халқаро ҳамкорликка раҳна солмаслиги керак – ҚР Президенти
«Ҳозирда бутун дунё ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Менимча, бу пандемиядан кейин аниқроқ сезилади. Бундай пайтларда ҳар бир давлат, авваламбор, ўз фуқароларининг хавфсизлиги ҳақида ўйлайди. Бу табиий ҳолат. Бироқ, бундай мураккаб вазият халқаро ҳамкорликка путур етказмаслиги керак», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари сўнгги ҳафталарда бир неча мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилгани, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеосаммитида ва Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши аъзоларининг ишчи учрашувида иштирок этгани ҳақида тўхталиб, пандемияга қарши курашда халқаро ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
«Шу муносабат билан биз ҳамкор мамлакатлар билан иш олиб бормоқдамиз. Бу эпидемияга қарши курашнинг асосий усули. Умуман олганда, ташқи сиёсатимизнинг узлуксизлиги сақланиб қолади. Биз анъанавий ва янги шерикларимиз билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришда давом этамиз», - деди ҚР Президенти.
«Ҳар қандай давлат учун бошқа давлатлардан сармоя жалб қилиш ҳам муҳимдир. Шу сабабли биз ташқи сиёсатда иқтисодий дипломатияга ҳам алоҳида эътибор берамиз. Бу Қозоғистоннинг узоқ муддатли стратегиясининг устувор йўналишларидан биридир. Келажакда ҳам шундай бўлиб қолади. Ташқи сиёсат оғиздамас, амалий ишлар орқали юритилади. Дипломатия соҳаси ҳам эпидемиядан сабоқ олиши лозим», - деди Президент.