Озарбайжонда муниципал сайловлар санаси маълум бўлди
BAKU. Kazinform – Озарбайжонда муниципал сайловлар 2025 йилнинг 29 январида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан МСК раиси Мазоҳир Панахов мамлакатда навбатдаги муниципал сайловларни 2025 йил 29 январда ўтказиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Таклиф овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланди.
“Шунингдек, фуқароларни муниципал сайловларда, жумладан, депутатликка номзод сифатида фаол иштирок этишга таклиф қиламиз”, – дея қўшимча қилди МСК раиси.
МСК котиби Арифа Мухторованинг сўзларига кўра, бўлим томонидан сайловга тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар ва тадбирларнинг календар режаси тасдиқланди.
“Сайловолди ташвиқоти жараёни 6 январь куни бошланади ва 28 январ соат 00:00 да тугайди. Сайлов бюллетенлари 19 январгача тайёр бўлади”, – деди у.
Озарбайжон Республикасида сўнгги муниципал сайловлар 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтди. Ўшанда ўзини ўзи бошқариш органларига 15 минг 154 киши сайланган эди.
Сайлов кодексига кўра, муниципалитетлар беш йиллик мандатга эга ва сайловлар шу муддат ичида ўтказилиши керак. Шу билан бирга, сайлов жараёнининг кечиктирилиши мамлакатда CОР29 конференциясини ўтказиш билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжонда сўнгги йилларда муниципалитетларни кенгайтириш сиёсати олиб борилмоқда. Жорий йилнинг баҳорида муниципалитетларни бирлаштиришга қаратилган қонунчиликдаги ўзгаришлардан сўнг уларнинг сони 1400 тадан 685 тага қисқартирилди.