Озарбайжонда маймун чечаги вирусини юқтиришнинг биринчи ҳолати аниқланди
BAKU. Kazinform - Касаллик яқинда хориждан қайтган 22 ёшли мамлакат фуқаросида аниқланган, дея хабар беради Кazinform агентлиги мухбири республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.

- 22 ёшли Озарбайжон фуқароси 2-11 январь кунлари чет элда сайёҳлик сафарида бўлган. Қайтганидан бир неча кун ўтиб у Бокудаги клиникага ҳолсизлик, иситма, жинсий аъзолар ҳудудида пуфакчали тошмалар, катталашган лимфа тугунлари ва мушаклардаги оғриқлар юзасидан мурожаат қилган, — дейилади хабарда.
Анамнез йиғиш чоғида беморнинг хорижга сафари чоғида тошмали одам билан алоқада бўлгани маълум бўлди. Маймун чечаги вируси учун ПCР тести мусбат чиқди ва бемор касалхонага ётқизилди.
У билан алоқада бўлган оила аъзоларида касаллик аломатлари кузатилмаган. Уларга уй шароитида профилактика муолажалари белгиланиб, зарур дори-дармонлар берилди, дейилади вазирлик хабарида.
Маймун чечаги юқумли касаллик бўлиб, у оғриқли тошмалар, шишган лимфа тугунлари, иситма, бош оғриғи, мушакларнинг оғриғи, бел оғриғи ва заифликни келтириб чиқариши мумкин. Вирус одамдан одамга асосан касал одам билан яқин алоқада юқади. Аксарият одамлар бутунлай тузалиб кетади, аммо баъзилари оғир касалликка чалинади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январидан ноябригача 117 663 дан ортиқ лаборатория томонидан тасдиқланган касаллик ҳолати ва 263 дан ортиқ ўлим қайд этилган.
Маймун чечаги эпидемияси муносабати билан ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус икки марта – 2022 йил майида ва 2024 йил августида соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Швецияда Африканинг бир қанча мамлакатларига тарқалган mpox вирусининг юқумлироқ тури билан касалланишнинг биринчи ҳолати қайд этилди.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатдаги вазият барқарор эканини, маймун чечагига қарши вакцина харид қилишнинг ҳожати йўқлигини таъкидлади.
Муаллиф: Серикбол Қошмағанбетов