Оташкесим эълон қилинганидан бери Ғазода 87 нафар фаластинлик ҳалок бўлди

Фаластин анклавининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сулҳ кучга кирганидан бери 311 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Ўтган 24 соатнинг ўзида 13 нафар жасад тиббиёт муассасаларига етказилди. Улардан 7 нафари Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган, қолган 6 нафари қулаган бинолар вайроналари остидан топилган.
Фаластин томони маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён қурбон бўлганларнинг умумий сони 68 229 кишига етган, жароҳатланганлар сони эса 170 мингдан ошган.
Бундан ташқари, Исроил томони 15 кишининг жасадини фаластинликларга қайтариб берди. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси аралашуви билан эришилган келишувга кўра, жами 165 нафар жасад қайтарилди.
6 октябрь куни Исроил ва ХАМАС делегациялари Миср, Қатар, АҚШ ва Туркия вакиллари воситачилигида можарони ҳал қилиш бўйича билвосита музокараларни қайта бошлади.
9 октябрь куни томонлар АҚШ президенти Дональд Трамп таклиф қилган тинчлик режасининг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича келишувни имзолади. Ўт очишни тўхтатиш режими 10 октябрдан кучга кирди.
Эслатиб ўтамиз, Ғазога гуманитар ёрдам ортилган юк машиналари етиб кела бошлади.