Она сутининг болага қандай фойдаси бор
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 3 миллионга яқин чақалоқ бир ойга етмасдан вафот этади экан. Эрта ўлим ва турли касалликларининг олдини олишга қаратилган оддий технологиялардан бири кўкрак сути билан боқиш, деб хабар беради Kazinform.

Ушбу ташкилот мутахассисларининг тадқиқотларига кўра, агар барча болалар фақат она сути билан озиқланса, ҳар йили 1,5 миллионга яқин болани ўлимдан сақлаб қолиш мумкин экан.
Она сути - чақалоқ ҳаётининг дастлабки 2 йилида тенгсиз озиқ-овқат ҳисобланади. Фақат она сути боланинг тўлиқ жисмоний ўсиши, ақлий шаклланиши ва психологик ривожланишини таъминлай олади ва у боланинг тўлиқ ва уйғун нисбатда ўсиши учун зарур бўлган барча озиқ моддаларни ўз ичига олади.
Овқат ҳазм қилиш ферментларининг тўлиқ ривожланмаганлиги туфайли чақалоқ бошқа турдаги овқатларни ҳали ҳазм қила олмайди. Шунинг учун она сути овқат ҳазм қилиш, ассимиляция қилиш ва метаболизм учун зарур бўлган ферментларни беради.
Она сути билан узоқ муддатли ва тўлиқ овқатланиш боланинг танасини нафақат зарур моддалар билан таъминлайди, балки уни кўплаб касалликлардан ҳимоя қилади: тез-тез шамоллаш, яъни нафас йўлларининг яллиғланиши, вирусли, юқумли, ичак касалликлари, кам вазн (гипотрофия) дан, рахит, темир танқислиги, камқонлик, 2-тоифа диабет ва семириш каби касалликлардан ҳимоя қилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, она сутининг бола танаси учун фойдасини қуйидагича умумлаштириш мумкин:
- Болаларда қандли диабет, саратон, қулоқ инфекциялари ривожланиш хавфини камайтиради;
- Эмлашдан кейин оптимал реакцияни кўрсатади ва касалликларга қарши туриш қобилиятини оширади;
- Псикомотор, ҳиссий ва ижтимоий ривожланишга ёрдам беради.
Эрта ва узоқ вақт давомида эмизиш туққан аёлларнинг танаси учун жуда фойдали:
- Туғруқдан кейинги қон кетишини тўхтатиш, боланинг шеригини тез ажратиш, репродуктив органларнинг нормаллашишини тезлаштиради;
– Оилани режалаштиришда самарали восита саналади. Чунки эмизиш қанчалик фаол ва узоқроқ бўлса, физиологик жиҳатдан кейинги ҳомиладорликнинг олдини олишга шу қадар имкон яралади;
– Оила молиясини тежашга катта ҳисса қўшади, яъни саноат сути ва бошқа қўшимчаларни харид қилишга ҳожат қолмайди.
Она сути - янги туғилган чақалоқ учун беқиёс табиий совға бўлиб, соғлиқ ва узоқ, бахтли ҳаёт учун асосдир.