14:21, 14 Июль 2022 | GMT +5
Нур-Султанда Осиё ёшлари кенгаши бўлиб ўтмоқда
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон пойтахтида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгаш Ёшлар кенгашининг бешинчи сессияси бўлиб ўтмоқда. ОҲИЧК котибияти ижрочи директори Қайрат Сарибай Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Йиғилиш иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди, деб хабар бермоқда Kazinform.
«Бугунги учрашув жуда муҳим. Чунки у Кенгаш ташкил этилганининг 30 йиллигига тўғри келмоқда. Шу вақт ичида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши дунёнинг улкан қитъасида тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи нуфузли мулоқот форумига айланди. Глобал нотинчлик шароитида кенгашнинг кўп томонлама дипломатиянинг самарали институти, минтақа ва дунёда ҳамкорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти бир неча баробар ортиб бормоқда. ЙХҲТ Ёшлар кенгаши форумга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришда катта рол ўйнайди. Кенгаш ёш авлод салоҳиятини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшиб, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳалардаги ёшлар ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради»
, — дейилади Президент мурожаатида.
Қасим-Жомарт Тоқаев бугунги йиғилиш кун тартибига жамиятнинг радикаллашувига қарши курашиш, ўз жонига қасд қилиш ва гиёҳвандликнинг олдини олиш каби муҳим мавзулар киритилганига эътибор қаратди.
«Ушбу тадбир иштирокчи мамлакатлар ёшларининг янада уйғун дунё яратишга салмоқли ҳисса қўшиш истаги ва тайёрлигини кўрсатади. Ишончим комилки, ОҲИЧК Ёшлар кенгаши йиғилиши кенг Осиё маконида яқин ҳамкорликка кучли ижодий туртки беради, очиқ ва ишончли мулоқот муаммоларни ҳал этишнинг янги йўллари ва ечимларини топиш имконини беради»
, - деди Давлат раҳбари.