Нур-Султанда 5 кун давомида очиқ осмон остида «Буюк дашт» этнофестивали бўлиб ўтади

None
NUR-SULTAN. Кazinform – Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съезди арафасида пойтахтда 5 кун давомида очиқ осмон остида «Буюк дашт» этнофестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Нур-Султандаги «Байтерек» майдонида қатор-қатор ўтовлар ўрнатилиб, ўртасига катта саҳна барпо этилди. Бу йил пойтахт жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съездига меҳмонларни шу тариқа кутиб олмоқчи. Бош режиссёр Асхат Маемиров «Буюк дашт» номли этнофестивалнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди.


«Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съезди доирасида сентябр ойининг серқуёш кунида пойтахтимизга ташриф буюрган меҳмонлар, мазкур съезд иштирокчилари, умуман, сайёҳлар учун «Буюк дашт» этнофестивалини ўтказмоқдамиз. Тадбир Нур-Султан шаҳар ҳокимлиги, шаҳар маданият бошқармасига қарашли маданият жамоалари иштирокида ташкил этилади. Съездга келган меҳмонлар орасида диний арбоблардан ташқари илоҳиётшунослар, маданият мутахассислари, маънавият намояндалари ҳам бор.

Асосий мақсад буюк даштнинг маданий-мусиқий меросини тарғиб қилиш ва тараннум этишдир, – дейди пойтахтдаги мусиқали ёш томошабинлар театри директори.

Бундан кўриниб турибдики, Байтерекнинг икки томонида қурилган ўтовларга ташриф буюрувчилар кўп. Чет элликлар ҳам, маҳаллий аҳоли ҳам бургут ва тозини айниқса яхши томоша қилмоқдалар.

– Пойтахтимиз яқинидаги «Байтерек»нинг икки томонида ўтовлар қурдик. Қозоқ заргарлик буюмлари ва ҳунармандчилиги бир қанотда намойиш этилган. Улар орасида миллий либосларимизни тикиш жараёни кўрсатилган. Сополдан ва темирдан ясалган буюмлар қандай тайёрланишини ҳам кўришингиз мумкин. Иккинчи томондаги кўргазма асосан қозоқ ўтови санъатига бағишланган. Бургут ва този ушлаган овчилар хорижлик меҳмонлар эътиборини дарров ўзига тортади. Бундан ташқари миллий таомларимиз ҳам эл эътиборига ҳавола этилмоқда. Ўртадаги катта саҳнада эса беш кун ичида беш хил концерт дастури намойиш этилади», — деди фестивал бош постановкачи-режиссёри.


Унга кўра, беш кун давом этадиган фестивалга анъанавий мусиқа санъатининг кўзга кўринган вакиллари қўшиқ ва шеърлар тайёрламоқда.

– Масалан, ҳозирда шаҳар мусиқали ёш томошабинлар театри «Буюк дашт анъаналари» номли театрлаштирилган спектакл орқали кўчманчилар маданиятида бешик, тушов кесди, қиз узатиш, келин олиш каби маросимларни намойиш этмоқда. Ритуал қўшиқлар куйланади.

Кечада Еркеғали Раҳмадиев номидаги пойтахт академик филармониясининг энг сара жамоалари, жумладан «Қўрқит сози» этно-фольклор ансамбли, «Шаттық» дўмбирачилар ансамбли, «Гакку» ёшлар ансамбли, Арайлим Рақимовна бошчилигидаги анъанавий хонандалар ўз санъатини намойиш этади. «, - деди Асхат Маемиров.


Қўшиқ ва куйлар паради эртага ҳам давом этади.

«Қозоқ анъанавий мусиқасини жаҳон саҳнасида тарғиб қилаётган кўп қиррали созанда, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб Едил Қусайинов ўзининг махсус дастурини яратмоқда. Қозоқ мумтоз мусиқа мактабининг кўзга кўринган вакиллари куйлашмоқчи.

Улар орасида «Кўчманчилар сеҳри» номи билан қозоқ мусиқасини жаҳонга замонавий тарзда танитиб келаётган Ғазиза Ғабдраҳимова ҳам бор.

Кўриб турганингиздек, Байтерек яқинида хорижликлар кўп. Ҳамма ўзгача кайфиятда, қозоқ безакларидан қандай таассурот қолгани ҳақида гапираяпти. Умид қиламанки, фестивал келгуси йилда ҳам давом этади. Байрам бугун бошланди. Фестивал соат 10:00да бошланиб, 21:00гача давом этади, - дейди фестивал бош директори Асхат Маемиров.

Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съездига Италиядан келган меҳмонларни майдондаги бахтиёр халқ орасида кутиб олдик.

«Биз Рим Папасининг ушбу ташрифини уюштирган руҳонийлар делегацияси билан Италиядан келдик. Кеча келганимиздан бери шаҳарни бир оз кўришга муваффақ бўлдик. Ҳақиқатан ҳам ёқди. Қозоқлар меҳмондўстлик кўрсатадилар. Гўё ўз уйимиздамиз.

Менга «Байтерек» олдидаги тадбир ёқади. Анъанавий қўшиқларни тингладик, маҳаллий маданиятнинг ўзига хос хусусиятлари билан танишдик. Сиз ўз анъаналарингиз билан фахрланаётганингиз жуда яхши. Ҳозирча биз фақат ижобий таассуротлар олмоқдамиз. Об-ҳаво меҳмонларга қарашиб турганга ўхшайди. Ноябр ойида Миланда бўлгандекмиз. Орамизда бир кишигина ҳавонинг совуқлигидан нолияпти, — деб кулди делегация аъзоси.






Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Сўнгги хабарлар
telegram