Neuralink инсонларга кўриш қобилиятини қайтариши мумкин
ASTANA. Kazinform – Neuralink компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги Blindsight чипи инсонларга кўриш қобилиятини беришини ваъда қиляпти. АҚШ ҳукумати ушбу революцион технологияни одамларда синовдан ўтказишга рухсат берди ва бу бутун дунёда кўриш қобилиятидан маҳрум бўлганлар учун улкан умид манбаи бўлиши мумкин. Бу ҳақда India Today хабарлади.
Blindsight кўриш қобилиятини қайта тиклашга мўлжалланган нейрон имплантант бўлиб, у миянинг кўриш учун масъул бўлган қисмига ўрнатилади. Чип инсонга ташқи дунё тасвирларини қайта тиклаш имкониятини яратади. Бу технологиянинг энг асосий хусусияти — ҳатто ҳеч қачон кўрмаган инсонларда ҳам кўриш қобилиятини яратиши мумкинлигида.
Технологиянинг бошланғич босқичларида тасвир бироз хира бўлиши мумкин, аммо вақт ўтиши билан чип мияга юборилаётган сигналларни самаралироқ ишлай бошлайди. Бу эса тасвирнинг янада равшан бўлишига ва ҳатто оддий кўриш қобилиятидан яхшироқ натижага эришишга олиб келади. Масалан, инсонлар қоронғуликда ҳам кўра оладилар ва ультрабинафша нурларини сезиш қобилиятига эга бўладилар.
Neuralink ҳозирда Blindsight чипини синаш учун кўнгиллиларни қабул қилиш жараёнини бошлади. Синовларда иштирок этиш учун мурожаат қилганлар қаторига бутунлай кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган инсонлар ҳам кириши мумкин. Чипнинг одамлар устидаги синовлари муваффақиятли ўтса, келажакда бу технология миллионлаб инсонлар ҳаётини ўзгартириши мумкин.
Илон Маск томонидан асос солинган бу компания мияга ўрнатиладиган чиплар орқали турли неврологик муаммоларни ҳал қилишни мақсад қилган.