Непалдаги сув тошқини қурбонлари сони 1,2 мингдан ошди
ASTANA. Kazinform — Непалдаги сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 204 нафарга етди. Яна 4 216 киши бедарак йўқолганлар қаторида. Қутқарув ва қидирув ишлари давом этмоқда, деб хабар беради Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги.
Непалнинг Фавқулодда вазиятлар хавфини камайтириш ва унинг оқибатларини бартараф этиш миллий бошқармаси маълумотларига кўра, кучли сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 204 нафарни ташкил этди. Яна 4 216 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Табиий офат 26 августда Непал ва Хитой чегарасидаги Ҳимолай тоғларида музликнинг қулаши ортидан содир бўлган. Сув, муз, лой ва тош аралаш кучли оқимлар водийлар бўйлаб ҳаракатланиб, турар жойлар, йўллар ва кўприкларни, шунингдек, гидроэнергетика объектларини вайрон қилган.
Ҳозир қутқарувчилар асосий кучни гидроэнергетика объектларини текширишга йўналтирмоқда. Юзлаб ишчи ерости туннелларида қолиб кетган бўлиши мумкин. Айрим ҳудудларда муҳандислар туннеллар ичига ҳаво юборяпти. Бу тирик қолган одамларни топишга ҳали ҳам умид борлигини кўрсатади. Қутқарув ишларига бошқа давлатларнинг мутахассислари ҳам жалб этилган.
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, офатдан зарар кўрган ҳудудларда минглаб полиция ходимлари, ҳарбийлар ва қутқарувчилар қидирув ишлари ҳамда офат оқибатларини бартараф этиш ишларида иштирок этяптилар. Шунингдек, энг кўп зарар кўрган аҳоли пунктларида алоқа, электр таъминоти ва транспорт инфратузилмаси тикланяпти.
Ҳокимият вакиллари ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлашда ҳам қийинчиликларга дуч келяпти. Шахси аниқланмаган марҳумлардан ДНК намуналари олиниб, кейинчалик улар бедарак йўқолганларнинг қариндошларидан олинган намуналар билан солиштирилади. Айрим ҳудудларда яқинларининг тақдири номаълум бўлган одамлар учун рамзий дафн маросимлари ўтказиляпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непалда ҳали ҳам кўчки хавфи мавжуд экани ҳақида хабар қилган эдик.
Шунингдек, Непалдаги сув тошқинида бедарак йўқолган сайёҳлар ҳам аста-секин алоқага чиқа бошлади.