Мурожаатнома: Қозоғистонда учта янги вилоят пайдо бўлади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Семей ўлкасида Абай вилоятини ташкил этиш зарур. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Мен Семей ўлкасида Абай вилоятини ташкил қилишни таклиф қиламан. Семей шаҳри янги вилоятнинг маркази бўлади. Биламан, вилоят аҳли бу ҳақда анчадан бери гапириб келади... Биз адолат ўрнатишимиз, халқимизнинг буюк фарзандлари туғилиб ўсган муқаддас заминни жонлантиришимиз керак», — деди Президент.

Президент, шунингдек, Алмати ва Қарағанди вилоятларининг ҳудудий муаммоларига тўхталиб ўтди.

«Алмати агломерацияси билан боғлиқ муаммолар кўп. Шу ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда Алмати вилоятини иккига бўлишни таклиф қиламан. Бу ҳудудда Жетису ва Алмати вилоятлари тузилади. Алмати вилоятининг маркази Қапшағайда бўлиши керак. Жетису вилоятининг маркази Талдиқорғанда бўлади», - деди Президент.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, вилоят аҳолиси асосан шаҳар атрофида тўпланган. Узинағаш ёки Талғар аҳолисига муаммосини ҳал қилиш учун Талдиқорғанга бориш осон эмас.

«Яна бир масала. Собиқ Жезқазған вилояти ҳудудида Улитау вилоятини ташкил қилиш керак. Жезқазған яна вилоят марказига айланади. Бу ҳудудда мустақил ҳудуд ташкил этилиши нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам муҳим қарордир», - деди Президент.

Давлат раҳбари бепоён қозоқ заминининг бағрида жойлашган Улитаунинг тарихимизда алоҳида ўрни борлигини алоҳида таъкидлади.

«Бу ерда тарихий йиғинлар бўлиб ўтган, уларда мамлакат тақдири ҳал қилинган. Сариарқа марказида жойлашган бу ҳудуд улкан туристик салоҳиятга эга. Унинг ишлаб чиқариш қуввати ва логистика имкониятларидан оқилона фойдаланиш зарур. Бир сўз билан айтганда, биз Улитау вилоятининг ривожланишига йўл очамиз», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.


Сўнгги хабарлар
telegram